Жамият | 13:59 / 08.04.2017
14954
3 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Қанча фуқаро ҳокимиятнинг ижроия органлари фаолиятидан рози эмаслиги маълум

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги сўровномаси Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятидан фуқароларнинг хабардорлик даражасига бағишланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Сўровномада иштирок этган аксарият фуқаролар Ҳаракатлар стратегияси халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ва мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришда муҳим ҳужжат, деб ҳисоблайди. 

79,9 фоиз респондентлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини яхши билишини таъкидлаган. 

“Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат, деб ҳисоблайсизми?” деган саволга иштирокчиларнинг аксарияти (83,5 фоиз) ижобий жавоб берган. 

«Сизни ўйлантираётган муаммолар Ҳаракатлар стратегиясининг қайси устувор йўналишларида ўз аксини топган?» деган саволга респондентларнинг кўпчилиги Стратегиядаги барча йўналишлар давлат ва жамият ҳаётида янги ривожланиш босқичини бошлаб беради, ўзларини қийнаётган муаммоларни самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди. 

Давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва ошкоралиги бўйича респондентларнинг фикри ўрганилди. 

Фуқаролар ҳокимиятнинг ижроия органлари фаолиятидан турли даражада қониқиши сўровнома натижаларида акс этган. Ҳар иккинчи респондент ҳокимият ижроия органлари ишидан мамнун, ҳар учинчиси – қисман рози, 12,1 фоизи – рози эмас. 

Иштирокчилар ҳокимият ижроия органлари раҳбарлари фаолиятининг фуқароларга очиқлигини ҳам турлича баҳолаган. 40,7 фоиз респондентга кўра, барча маълумотлар очиқ ва етарли. Қатнашчиларнинг 33,9 фоизи ҳамма фуқаролар учун ҳам маълумотлар ошкора эмас, деб ҳисоблайди. 

Сўровномада иштирок этганлар яхши маошли иш топиш, ойлик маошни вақтида олиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда қатор қулайликлар яратилганини, пенсионерлар, ногиронлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш хизматлари юқори даражага кўтарилганини маълум қилган. 

Мавзуга оид