Россиялик блогер Юрий Дудь ўзининг «ВДудь» каналида россиялик мухолифатчи, юрист ва блогер, «Коррупцияга қарши курашиш фонди» асосчиси Алексей Навальний билан катта интервью уюштирди. 2018 йилги Россия президентлик сайловларига ўз номзодини илгари сураётган Навальний, жумладан, марказий осиёлик меҳнат мигрантлари ҳақидаги фикрларини ҳам очиқлаган.

Қуйида интервьюнинг ана шу қисмида айтилган гапларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Юрий Дудь.: - Сиз миллатчимисиз?

Алексей Навальний.: - Жуда кўпчилик мени шундай инсон, деб билади. Боз устига, жамоатчиликнинг либерал қисми мени кўпинча миллатчи, деб ҳисоблайди, миллатчилар эса либераст, деб таъна қилишади. Бегоналар ичра ўзимники, ўзимникилар ичра бегонадекман. Бу мафкуравий тамғаларнинг бирортасини менга нисбатан қўллаб бўлмайди. Менинг сайловолди дастуримда бир пункт бор ва уни миллатчилик руҳида, деб ҳисоблашади. Бу — Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий қилиш. 

Ю.Д.: - Кавказорти давлатлари билан ҳам...

А.Н.: - Ҳа, Кавказорти давлатлари билан ҳам ва бу ерда ҳеч қандай миллатчиликни кўрмаяпман. Чунки Германия менга визасиз киришга рухсат бермайди-ку? Мен эса давлатимизга Ўзбекистон ва Тожикистоннинг фуқаролари визасиз кириб келишини истамайман. Бу мутлақо меъёрдаги, Европага хос чора. 

Ю.Д.: - Бу ҳолатда сиз Европа иттифоқи билан визалар бекор бўлишини истайсиз-а?

А.Н.: - Албатта.

Ю.Д.: - Хўш, тожикнинг немисдан нимаси ёмон?

А.Н.: - Чунки немис ривожланган давлатда яшайди, иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожланган мамлакатда. Мен тожик инсон сифатида, шахс сифатида, мавжудот сифатида немисдан ёмонроқ, деб ҳисобламайман, асло. Лекин бир нарсасиз шубҳасиз факт сифатида қайд этмоқ керакки, мен реал ҳаётда яшаяпман ва кўряпманки Ўзбекистон ва Тожикистон камроқ ривожланган давлатлар, у томонлардан наркотрафик келади, у ердан келаётган инсонлар юртида маошлар кам бўлгани сабабли, яхшироқ ҳаётни излаб келишади, у ерда яшаш хавфли, шу сабабли биз миграцион вазиятни назорат остига олиш учун виза режимини жорий этишимиз керак.