Таҳририятга Марғилон шаҳридан мактуб келиб тушди. Маълум бўлишича, шаҳарнинг Ал Фарғоний кўчасидаги девор узоқ йиллардан бери аҳолига тўсқинлик қилган ва шу девор туфайли бошқа маҳалла орқали кейинги кўчага ўтиш мумкин.
“Маҳалламизда 1995 йиллардан бошлаб аҳоли истиқомат қилишни бошлаган. Гап шундаки, маҳалламизнинг боши ўша йиллардан буён ноқонуний тарзда ўзбошимчалик билан тўсиб олинган. Қўшни маҳалла кўчасидан айланиб ўтамиз ва бунга кўникиб қолганмиз. Аммо, ёмғирли пайтларда маҳалламизга “бомба” тушгандек бўлади. Онахон-у отахонларимиз, ёш опа-сингилларимиз бу “лойли” йўллардан не-не хатар билан юришганини кўриб деворни бошим билан “ёргим” келади”, дейилади жумладан мактубда.
Қайд этилишича, шу деворни бузиш учун маҳалла аҳолисининг ёзмаган жойлари ва кирмаган идоралари қолмаган.

Мактубда айтилишича, “охирги умидлар ила “Тошканга” мурожаат қилишганда, Марғилон шаҳрининг аввалги ҳокимлардан бири келиб: “Ҳа албатта бузамиз, ахир бу девор қизил линияга тушган-ку!” деган жавобни бергану, маҳалладошларимиз “Халқпарвар” ҳокимни қайтиб кўришмаган. Маҳалладошларимнинг айтишича, кўчамизни тўсиб олган қўшнимизнинг “танка”си кучли эмиш! Тобора бу гапларда жон бор шекилли деб ўйлай бошладим. Нимага дейсизми? 2016 йил октябрь ойлари. Президент виртуал қабулхонасидаги муаммоларни тез ва ижобий хал бўлаётганин кўрган заҳотим виртуал қабулхонага кўчамизни тўсиб олинганлиги хақида мурожаат қилдим. Мурожаатдан сўнг, туман архитектори менга кўнғироқ қилиб девор масаласи бўйича гаплашиб олишимиз кераклигини айтди. Эртаси куни архитектор махалламизга келиб ноқонуний деворни кўрди ва у: “Девор ариқнинг у ёғида жойлашган экан, ариқнинг у ёғи шаҳар ҳудудига киргани учун биз аралаша олмаймиз лекин шаҳар ҳокимлигига хат билан чиқамиз албатта бузворишади укам” деди. Кутдик ваниҳоят 2016 йил 21 декабрда Марғилон шаҳар ҳокимлигидан хат келди. Унда:
“2016 йил 23 декабр куни маҳалла фуқароларига омборхона ва деворни бузиб олиш ҳақида расмий огоҳлантириш хати берилди. Шунингдек, фуқароларга амалдаги тартибга мувофиқ белгиланган муддат ичида ўз ҳисобларидан бузиб, ер майдонини асл ҳолатига келтириб қўйилмаган ҳолатда фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судига даъво аризаси киритилиши ҳақида тушунтириш берилди” дейилган. 2 хафта олдин “Халқ қабулхонаси”га хам ташриф буюриб, буйруқни керакли ходимга кўрсатганимда: “Албатта буни судга топшириб, ижобий хал қиламиз хотиржам бўлинг” деганди. Мана у ходим ҳам “ғойиб” бўлди. Маҳалламиздагиларни бир нечта саволлар қийнамоқда “Наҳотки?”, “Ҳал қилишмадими?”, “Эски хаммом эски тосми?”, “Ростданам қўшнимизнинг “танка”си кучлими?”, “Ўзи порталга ёзганмидинг болам?”. Хуллас мен ҳам югуравериб чарчадим”.











