15:50 / 30.05.2017
4954

«Боруссия» Тухелни истеъфога чиқарди

Фото: Bild

Дортмунднинг «Боруссия» клуби бош мураббий Томас Тухелни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда Sport Bild хабар тарқатди.

Ушбу 43 ёшли мутахассис мавсум якуни арафасида жамоа раҳбарияти, хусусан клуб бош директори Ханс-Йоахим Ватцке билан ихтилофга борганди. 

Мураббийнинг фаолиятидан жамоа футболчилари ҳам норозилиги айтилган.

Тухелнинг амалдаги шартномаси муддати 2018 йил ёзига қадар эди ва шу туфайли шартнома бир томонлама бузилгани учун унга энди 2 миллион евро миқдорида товон пули тўланади.

Тухель «Майнц»дан дортмундликлар жамоасига 2015 йил ёзида Юрген Клопп ўрнига келганди. 

Унинг кейинги жамоаси «Байер» бўлиши мумкин. Шунингдек, у «Арсенал»да Арсен Венгер ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлар қаторида саналган.

Эндиликда «Боруссия» мураббийлиги учун мавсум якунида «Ницца»дан истеъфога чиққан Люсен Фавр асосий номзод бўлади.

59 ёшли Фавр узоқ йиллар давомида Германияда ишлаган: 2007-2009 йилларда у «Герта»ни бошқарган, 2011-2015 йилларда эса Менхенгладбахнинг «Боруссия»сига устозлик қилиб, жамоани илк марта Чемпионлар лигасига олиб чиққан. 

Top