Собиқ Ливия раҳбари Муаммар Каддафийнинг ўғли Саиф Ал-Ислом Зинтан шаҳрида озодликка чиқди. Бу ҳақида «Абу Бакр ас-Сиддиқ» қуролланган гуруҳи хабарига асосланиб, RT хабар берди.

Фото: Reuters
Гуруҳ вакилларининг маълум қилишича, кенжа Каддафий мамлакат парламенти томонидан эълон қилинган амнистияга биноан озодликка чиққан.
"Биз жаноб Саиф Ал-Ислом Муаммар Каддафийни озод қилишга қарор қилдик. У буткул озод. Биз Рамазоннинг 14-кунида унинг Зинтанни тарк этганини тасдиқлаймиз", - дейилади хабарда.
Манбага кўра, Саиф ўтган ойнинг охирида Ливия парламенти томонидан эълон қилинган умумий амнистия натижасида озодликка чиққан. У шунингдек мамлакат ичида ва ундан ташқарида тўсиқларсиз ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган.
"Зинтан инқилобчиларининг ҳарбий кенгаши" ҳам шу мазмундаги баёнот билан чиқди: "Саиф Ал-Ислом Каддафий умумамнистия қонуни ижроси асосида озод этилди".
"Ал-Арабийя"га кўра, ҳозирда кенжа Каддафий - Ливия шарқидаги Ал-Байда шаҳрида. У ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиши кутилмоқда.
"Энди муҳандис Саиф Ал-Ислом чиққанидан кейин яқин бир неча кунларда дунёни катта ҳодисалар кутмоқда", - деди собиқ маҳбуснинг қариндоши Аҳмад Муҳариб.
У бу сўзлари билан айнан нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади.
Саиф Ал-Ислом отасининг энг содиқ тарафдорларидан бири ҳисобланади. У отасининг фаолиятида фаол иштирок этган, хусусан Ливия ўтиш даври миллий кенгашига қаршилик қилувчи кучларни бошқарган ва ворис ҳисобланган. Шу муносабат билан тўнғич Каддафийдан кейин Саиф Ал-Ислом қўлга олинган.
2015 йилнинг июль ойида Триполи аппеляцион суди Саифни тинч намойишчилар қотиллигига алоқадорликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилганига қарамай, «Абу Бакр ас-Сиддиқ» гуруҳи уни ҳукуматга топширмади.

















