Ўтган ҳафта давомида икки соҳа намоёндалари бизни боплашди. Бири шоу-бизнес вакиллари бўлса (асл санъаткорлар эмас), иккинчиси терма жамоа либосида футбол ўйновчилар (асл футболчилар эмас). Ҳар иккиси биз учун азиз эди. Биринчи соҳа вакиллари ўз пулимизга бўлсада, қувончли кунларимизда бизга янада хуш кайфият улашиб юришарди, иккинчи соҳадагилар эса ғалаба қилганлари ҳамон ҳамма айблари кечирилиб, қаҳрамонга айланиб кетишаверарди. Аммо бу сафар ҳаммаси узил-кесил адо бўлди шекилли...

Аввало норози бўлган хонандалар тўғрисида. Таъкидлашим лозим, мен бу мавзуга асосий нишон бўлган Озодбек Назарбековнинг санъатини ҳурмат қиламан, қўшиқларини эшитаман, 15 йилдирки мавқеини сақлаб тургани ҳам таҳсинга лойиқ. У турли тадбирларда пулсиз қолаётгани ва етарлича ҳурмат кўрсатилмаётгани тўғрисида гапирганида шитоб билан қарсак чалаётганлар тўғрисида бир нарса дейишим қийин. Ҳар бири алоҳида мавзу. 

Лекин ҳофизларимизнинг қайсидир тадбирларга бориб, пулсиз ва оч қолганлари тўғрисидаги эътирозлари роса “ажойиб” бўлди.

Бу борада кўп гапирилди, айниқса ҳамкасбимиз Шуҳрат ака ҳаммасини жой жойига қўйиб кенг таҳлил қилиб берди. Фақат қисқароқ қўшимча бор холос, янги гап йўқ.

Азиз хонандалар, сизга бир савол, ночор бир одам сизни тўйига таклиф қилса ва берадиган пули йўқлигини айтса, борармидингиз? (Аммо ҳамма билмасаям сиз яхши биласиз, ўзбек алоҳида пул бермасаям қистир-қистир бор экан, қуруқ қолмаслигингиз тайин). 

Йўқ албатта!

Чунки сизда обрў, овоз, ажойиб пиар компания бўлиши мумкин. Аммо тўй охирида аталган пулни ҳам, қистирилган тушумни ҳам уй эгасига ҳадя қилиб кетган Комилжон Отаниёзов, Шерали Жўраев каби жўмардлик етишмайди. Шундай эмасми?

Хўш, оддий мухлисга (ўша сизни кўкларга кўтараётган, боқаётган халқ вакилига) бундай илтифот кўрсатмас экансиз, нега сизнинг танобингизни тортиб қўйиши мумкин бўлган ташкилотлар хизматига бораверасиз? Демак тилингиз қисиқ жойи бор, қўрқасиз ва янаям қизиғи пулдан ҳам каттароқ, мукофот, ҳимоя, обрў каби нимадир илинжидасиз. Шундай экан энди эътирозга на ҳожат?! 

Оч қолганингиз тўғрисидаги қичқириқ эса ҳеч бир тоғорага сиғмайди. Тошкентнинг қоқ марказида юритилаётган ва ҳамиша гавжум бўлган ресторанларидаги бир таомнинг ярим нархига ҳар қандай вилоятда кекириб юбориш мумкин эди. Э, қойил сизга!

Иккинчи соҳага ўтсак: футболчиларимиз миллатнинг асабини еб битириш, тушкунликка тушириш, ҳар тўрт йилда туғилган умидларни сўндириш учун юришганини (югуришганини эмас!) аввал ҳам айтганман. Футбол ишқибозлари тўп суришни хоҳласалар, кичик майдонлар етарлича борлигини, (но)профессионал футболдан буткул воз кечиб, бокс, кураш каби спорт турларини ривожлантиришни ҳам таклиф қилганман. Биламан, бу таклиф инобатга олинмайди. Ҳали чиқишимиз ўта мавҳум бўлган ўйинларда даражамиз шу бўлган, мўъжиза юз бериб, Россияга бориб қолсак ҳам шарманда бўлишимизни ҳамма таъкидлаётган термамизнинг аҳволи шу бўлса ҳам, дўстона тўп суриладиган майдонда “Сурхон” клуби шифокори (!) меҳмонга борган ва ерда ётган “Андижон” вакилини тепкиласа ҳам футбол сақланиб қолаверади. Чунки бунинг ортида жуда катта индустрия ётибди!