«Ҳуррият» газетасининг 14 июнь кунги сонида таниқли адабиётшунос, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг «Бизга режиссёр керакми, ўзи?!» сарлавҳали мақоласи нашр этилди. Ушбу кескин танқидий руҳдаги мақолада ўзбек театрининг аҳволи таҳлил қилинган, режиссура инқирозга юз тутаётгани аламли сўзлар билан ифода этилган. «Кун.uz» ўзбек зиёлиларида шундай журъат уйғонишига хайрихоҳлик билдирган ҳолда, ушбу мақолани қайта нашр этди.

Аччиқ, аммо очиқ гаплар – «Бизга режиссёр керакми, ўзи?!»  

Дабдурустдан бундай савол қўйиш ғалатироқ туюлиши табиий. Бугун томоша дегани кўпайгандан кўпайиб, санъат нарироқ турсин, не-не маънавий банг, олди-қочди кино, спектакль, сериал, клип, шоу ва ҳоказолар учун ҳам режиссёр дегани талабгир бўлиб турган пайтда бундай савол қўйиш, албатта, ноўриндек. Аммо, не ажабки, бугун ўзбекка режиссёр керак эмас экан. Аниқроғи, ўз ишини пухта биладиган, спектакль деган ҳодисани миридан сиригача юрагидан ўтқазиб, уни росмана санъат ўлароқ жамиятга тақдим этадиган юксак прфессионал санъаткор режиссёр керак эмас экан. Нари-бери қитиқ қўзғайдиган, у-бу воқеа лахтакни амаллаб бир-бирига ёпиштириб, тангроқ вазиятдан чиқиб кетадиган, унча-бунча пичратқи эҳтиросларни қўзғатиб, кўзга нам, лаб-лунжга таъм сола биладиган чаламулла, анчайин ажабтовур, гапдон, учар бир кас бўлса кифоя: боса-бос шоу-томоша, бада-банг шоҳ ташлаб ўйин-кулгу, қийқириқ, жазава...

Эй, Худо, қачон бу халойиққа ақл, инсоф, ўй-тушунча киради, деб куйинганингча қолаверасан. Чунки яккасан, таъқибли нигоҳларга, таъна-маломатларга чидолмай атрофингни тарк этиб кетганлар туфайли ёлғизланиб, курашларда толиққансан, “боре, керакми битта савил жонимга”, деб юборар даражага келиб қолиб, ўзингни фаолиятсизликка ҳукм этасан... Аммо... аммо қани ўша “э..., боре...”дан топадиган ҳаловатинг?! Йўқ..., йўқ у! Чунки бу қисмат – Яратган эгангнинг пешонангга ёзгани – тамғаси. Маломат қиладими, таъна-дашном берадими, не бир имконияту мартаба, жиччагина амалу умидворликдаги унвону нишон-барининг андишасини йиғиштириб, ўзингни жабҳага отасан, бўлганча бўлар дейсан, қисматдан юз буролмайсан – таваккали Худо! Ёзуқми бу ёки бахт, ҳар қалай, виждон билан яшаш, “Жим туролмайман” (“Не могу молчать!”) деган Толстой бобога ўхшаб фарёд уриш кўз ўнгида воқе бўлиб турган адолатсизликка кўниколмай, мунг чекадиган танқидчи – мушоҳадали, муносабатли одамнинг, мутахассиснинг ва, энг муҳими, фуқаронинг вазифаси, ҳаққи рост бурчидир, аввало. Шу андишада моҳи-рамазоннинг ўн биринчи саҳари қўлга қалам олдим. Сабаби боис ўнинчи кун рамазон ифторидан сўнг Баҳодир ака Йўлдошевнинг қўнғироқ қоқиб, аламу ангиз каминага қилган маломатлари, “ўзбекка режиссёр керакми ўзи?!” дея қайта-қайта берган аламли саволлари бўлди. 

Маломатки – жон-жонимдан ўткулик: театрларда янги томоша бўлса, бориб ошини еб, мақтаб келаверасанларми, директорларнинг эллик долларлик харажатига сотилиб кетаверасан, деган туҳмат тошлари...