Ўзбекистон | 17:52 / 30.06.2017
13568
3 дақиқада ўқилади

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари федерацияси президенти Ўзбекистонга келди

Пойтахтда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг халқаро ҳамкорлиги мавзуига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси президенти Т.Коное, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти раиси Ҳ.Каримов ва бошқалар Ўзбекистонда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофазалаш, тиббий маданиятини янада юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг халқаро алоқалари кўлами кенгайиб бораётганини таъкидлади. Бугун жамиятнинг ҳудудий ва темир йўл минтақавий ташкилотлари, 191 туман бўлинмалари ҳамда 2 ярим мингта бошланғич ташкилотларида 1 миллион 300 мингдан ортиқ аъзо ва 38 минг кўнгиллилар бор. "Меҳр-шафқат" хизматидаги 200 га яқин патронаж ҳамширалари ҳар йили уч ярим минг якка-ёлғиз қариялар ва ногиронларга тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. 

Халқаро экспертлар Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг тиббий-ижтимоий фаолиятни тарғиб қилиш, аҳолининг санитарияга оид билимларини юксалтириш, уларда биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмасини мустаҳкамлаш, юқумли касалликлар профилактикаси борасида тушунтириш ишлари олиб бориш, кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишларидаги фаолиятини ижобий баҳоламоқда. Жамият "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилда 2 мингдан ортиқ кекса отахон ва онахонларни патронаж хизмати билан қамраб олмоқда. Бу мақсадлар учун 123 миллион сўм сарфланади. Бундан ташқари, амбулатор шароитда даволанаётган 4 мингдан ортиқ қариялар ва ногиронлар 100 миллион сўмлик дори-дармон воситалари билан таъминланади. 

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти 1995 йилда Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси аъзолигига қабул қилинган. 

Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси президенти Тадатеру Коное 29 июнь куни Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти фаолияти билан танишиш мақсадида мамлакатга келди. Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар вазирликларида учрашувлар ўтказди. Меҳмон пойтахтдаги Темурийлар тарихи давлат музейи экспонатлари билан танишди. 

Тадбирда Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси билан ҳамкорлик ҳолати, сўнгги йилларда амалга оширилган йирик лойиҳалар ва истиқболдаги вазифалар хусусида маълумот берилди. 

Мавзуга оид