Жаҳон | 09:41 / 01.11.2025
2296
4 дақиқада ўқилади

БМТ ва Қизил Хоч Ал-Фаширдаги ваҳшийликларни қоралади

Ал-Фаширга Тезкор қўшинлар (RSF) ҳужум қилганидан кейин БМТга келаётган мурожаатларда кўплаб шафқатсиз жиноятлар ҳақида маълумотлар бор. ЖССТ маълумотича, шаҳарнинг бош шифохонасида 460 киши ўлдирилган.

Фото: AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) Суданнинг Ал-Фашир шаҳридаги тинч аҳоли аҳволидан жиддий ташвиш билдирди. Бу шаҳар 23 октябр куни исёнчи гуруҳ — Тезкор қўшинлар (RSF) томонидан эгаллаб олинган эди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ) вакили Сейф Маганго 31 октябр куни Женевада ўтказилган брифингда айтганидек, RSF шаҳарга кирган пайтдан бери «қон тўкиш, судсиз қатллар, оммавий ўлдиришлар, зўрлашлар, гуманитар ходимларга ҳужумлар, талон-торож ва ўғирлашлар» ҳақида «даҳшатли хабарлар» келмоқда.

Суданнинг ғарбидаги Шимолий Дарфур вилояти маъмурий маркази бўлган Ал-Фашир билан алоқа узилгани сабабли маълумотларни олиш ва тасдиқлаш қийинлашган. ИҲОКБ ходимлари Ал-Фаширдан қочиб, қўшни Тавила шаҳрида паноҳ топганлар билан суҳбатлашган. «Биз халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишларини кўрсатувчи ҳужжатли видеоёзувлар ва бошқа тасвирларни олдик», — деди Маганго Найробидан видео-алоқа орқали. ИҲОКБ баҳосига кўра, Ал-Фаширни RSF эгаллаши даврида ва ундан сўнг ҳалок бўлганлар сони юзлаб кишига етиши мумкин.

БМТ вакили, шунингдек, Саудия шифохонаси ва бошқа тиббий муассасаларга қилинган ҳужумлар, RSF жангчилари томонидан жумладан оммавий зўрлашлар каби жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар берди. Унинг сўзларича, гуманитар ташкилотлар ходимларини ўлдириш ҳолатлари ҳам ҳужжатлаштирилган.

Бундан ташқари, Шимолий Кордофандаги Бара шаҳри эгаллаб олингани билан боғлиқ жиддий бузилишлар, жумладан Қизил Ярим Ойнинг беш кўнгилли ходими судсиз қатл этилгани ҳақида ахборотлар келмоқда. «Ал-Фашир ва унинг атрофида, шунингдек Барада содир этилган бу сўнгги оғир ҳолатлар халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан жиноят сифатида баҳоланиши мумкин», — деб таъкидлади Маганго. У «айбдорларни жавобгарликка тортиш учун мустақил, тезкор, ошкора ва пухта тергов» ўтказишга чақирди.

26 октябр куни Тезкор қўшинлар Ал-Фаширни эгаллаганини маълум қилган — бу шаҳар Дарфурда ҳукумат қўшинларининг охирги таянч нуқтаси эди. Суданда RSF билан мунтазам армия ўртасидаги тўқнашувлар 2023 йил 15 апрелдан бери давом этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилишича, Ал-Фаширнинг бош шифохонаси — Саудия шифохонасида 460 дан ортиқ бемор ва уларнинг ҳамроҳлари ўлдирилган. Илгари ЖССТ Суданда тиббий муассасаларга қилинган 185 та ҳужумни қайд этган эди, 2023 йил апрелидан бошланган фуқаролик можароси даврида 1204 киши ҳалок бўлган, яна 416 киши яраланган.

ЖССТ пресс-релизида қайд этилишича, 26 октябр куни шаҳарда қисман ишлаб турган ягона тиббий муассаса бўлган ушбу шифохона ой давомида тўртинчи марта ҳужумга учради: шу куни бир ҳамшира ҳалок бўлди, яна уч тиббиёт ходими яраланди. Орадан икки кун ўтиб — 28 октябрда — олти нафар тиббиёт ходими ўғирлаб кетилган. Шу куни шифохона биноси ичида 460 дан ортиқ киши отиб ўлдирилгани иддао қилинган.

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси президенти Миряна Сполярич-Эггер: «Бир пайтлар инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун мўлжалланган муассасалар ўлим ва вайрона маконига айланиб қолганидан афсусдаман», деди. «Ҳеч бир бемор шифохонада ўлдирилмаслиги керак, ва ҳеч бир тинч фуқаро ўз уйидан қочишга урингани учун отиб ташланмаслиги лозим», — деди у, Судандаги «даҳшатли ҳолатлар»ни «оқлаб бўлмас» деб атаб.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид