Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган “Expo 2017” бутунжаҳон кўргазмасида 120 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда. Бу йилги халқаро кўргазма келажак энергияларига бағишланган. Кўргазма 10 сентябрга қадар давом этади.

47 160 кв.м. ҳудудни эгаллаган майдонда ҳар бир давлатнинг павильонини айланиб чиқишга бир кун етмайди. Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Франция, Грузия, Миср павильонларида бўлдим. Жанубий Корея, Хитой, Британия, АҚШ, БАА, Германия давлатлари павильонида навбат узунлиги учун киролмадим. Энг катта навбат марказий павильон — катта шар тарзидаги 8 қаватли бинога кириш учундир (Қозоғистон павильони ҳам шу бинода жойлашган). Қаерда катта навбат бўлса, демак ўша ерда қизиқарли нимадир бор. Бу ҳақда Ziyouz хабар берди. 

Павильонлар дизайни, экспонатларни қай тарзда жойлашни давлатларнинг ўзлари ҳал қилган. Катта залнинг у ер-бу ерига экспонатларни ташлаб қўйганлар ҳам бор. Менга лабиринт шаклидаги, бир жойдан кириб, иккинчисидан чиқадиган павильонлар ёқди. Бу ҳолатда томошабин ҳар бир экспонат билан танишиб чиқишга мажбур бўлади. Бу борада Россия, Туркия, Франция павильонлари дизайни профессионал чиққан.

Ушбу мажмуани қуришга 1.5 млрд $ (расман, норасмий 3 млрд $) сарфланган.

Ким қандай чақирмоқда?

Вақт кам. Ҳамма энг яхшиларни кўргиси келади. Аслида энг яхши реклама — кўрганларнинг тавсиялари. Унақа реклама бўлмаса-чи? Мухлисларни қандай чорлаш керак?

Қозоқ ёшларида араблар ва африкаликларга қизиқиш катта экан. Бу географияга мансуб давлатлар павильонларида тирик маникенлар — миллий кийимдаги йигитлар (аёлларни кўрмадим) ҳамма билан расмга тушишмоқда. Ҳиндистон, Покистон ва Африка давлатлари баланд мусиқа ва қўшиқлари билан мухлис чақирмоқдалар. Ҳиндистон павильонида эсдаликлар бозори қайнамоқда. Россия, Франция, Япония каби давлатлар асосий эътиборни тарих, шу давлатнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси ва асосийси, куч-қувватини намойиш этишга қаратган. Баъзи давлатлар асл мавзу қолиб, туризм ва ҳунармандликка асосий эътиборни қаратган. Саудия Арабистони павильонида намозхона ҳам бор.

Россия павильони. Россияликлар асосий эътиборни глобал исиш ва Арктикага қаратганлар.