2028 йилги УЕФА Суперкубоги ўйини Қозоғистон пойтахти Остонадаги «Астана Арена» стадионида бўлиб ўтади. Бундай қарорни Европа футбол ассоциациялари иттифоқи ижро қўмитаси 15 сентябр куни Салоники шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилди.
Қозоғистон биринчи марта УЕФА Суперкубоги ўйинини қабул қилади, унда Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиблари тўқнаш келади.
«Астана Арена» нуфузли ўйинни ўтказиш учун майдон қопламаси масаласини ҳал қилиши керак: сунъий чимни табиий чимга алмаштириш.
«Астана Арена» 2019 йилги УЕФА Суперкубогини ўтказишга ҳам даъвогарлик қилган эди. УЕФА аризалар бўйича ҳисоботида стадион сунъий қопламага эга эканлиги, Қозоғистон томони эса уни табиий қоплама билан алмаштириш имкониятини ўрганаётганини таъкидлаган. Якунда 2019 йилги ўйин Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтди.
«Астана Арена» 2009 йилда очилган бўлиб, тахминан 30 минг томошабинга мўлжалланган. Бу ерда Қозоғистон миллий жамоаси ва пойтахтнинг «Астана» клуби ўз уй ўйинларини ўтказади. 2025 йилда стадионда кенг кўламли реконструкция ишлари якунланди, унинг давомида, хусусан, муҳандислик тизимлари янгиланди ва майдоннинг сунъий қопламаси алмаштирилди.
УЕФА Суперкубогининг амалдаги соҳиби Франциянинг ПСЖ клуби ҳисобланади. Кубок учун кечган баҳсда парижликлар Англиянинг «Астон Вилла» жамоасини мағлуб этди (2:1). Ўйин 12 август куни Австриянинг Залцбург шаҳрида бўлиб ўтди. 2027 йилда УЕФА Суперкубоги учун ўйин Амстердамдаги «Йоҳан Кройф Арена»да бўлиб ўтади.















