Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 июль куни сенаторлар, депутатлар ҳамда сиёсий партиялар вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида хабар қилинди.
Ўз чиқишида давлат раҳбари қайд этдики, замон сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда.
Олий Мажлиснинг қўшма мажлисида эришилган ютуқлар эътироф этилган ҳолда, ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти очиқ мулоқот шаклида танқидий руҳда таҳлил қилинди, ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
«Демократия парламентдан бошланади. Парламент демократия мактабидир, — дея президентнинг сўзларини келтирган «Ахборот» дастури. — Шундай экан, миллий парламентни ҳақиқий демократия мактабига айлантиришимиз керак. Бу ўринда сиз, ҳурматли депутатлар ва сенаторлар бошқаларга ибрат бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс, мунозара, принципиал тортишув аввало шу ерда, парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ бўлади... Агар биз сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фаолиятини кучайтирмасак, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижросида кутилган натижа бўлмайди».
Шавкат Мирзиёев бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмаганини қайд этиб ўтди.
Қайд этилдики, cиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти.
Давлат раҳбари мамлакатдаги 4 партия — Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, «Миллий тикланиш» партияси, «Адолат» Социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси фаолиятидаги камчиликларни санаб ўтди.
Масалан, ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатлари ҳимоячиси сифатида намоён этувчи ХДП уларнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида кўзга кўринарли ташаббуслар билан чиқмаяпти.
«Миллий тикланиш» партияси миллий мерос ва қадриятларни тиклаш, янада бойитиш, туризм соҳасини ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Аммо амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунлар ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича фаоллик кўрсатмаяпти.
















