Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли, Мажлиси олий Мажлиси миллий раиси Рустам Имомалини қабул қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, жумладан, икки мамлакат парламентлари ҳамкорлиги доирасида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Барча йўналишлардаги ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажмлари ортиб бормоқда. Саноат, қурилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Қўшма Инвестиция компанияси самарали фаолият юритмоқда.

Пойтахтлар ва ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Олий даражада эришилган келишувлар ва қўшма ташаббусларни илгари суришда қонунчилик органларининг ролини ошириш, бу борада парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ҳамда соҳавий қўмиталар фаолиятини фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон етакчиси Рустам Имомалини икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги катта хизматлари, парламентлараро мулоқотни кенгайтириш борасидаги самарали фаолияти учун давлатимизнинг юксак мукофоти – «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирлади.