Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 29 август куни "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон24 телеканали сайтида хабар берилди.
Қарор асосида "Uzinfocom" Маркази негизида давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи Ягона интегратор ташкил қилинди. Ягона интегратор қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- иқтисодиёт соҳалари учун "электрон ҳукумат" ва ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, ахборот тизимлари ҳамда ресурсларини интеграция қилиш, аппарат-дастурий таъминот воситалари комплексини яратиш, шунингдек тегишли лойиҳа ва ҳужжатларни тайёрлаш;
- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифатини такомиллаштириш юзасидан комплекс чораларни ишлаб чиқиш;
- иқтисодиёт соҳаларига "электрон ҳукумат" тизимлари ва ахборот технологияларини татбиқ қилиш жараёнларига маҳаллий дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларини тизимли равишда жалб этган ҳолда, миллий АКТ ва дастурий таъминот саноатини ривожлантиришда иштирок этиш;
- "электрон ҳукумат" тизими инфратузилмасининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий таъминот воситаларини технологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;
- давлат органлари ва уларнинг тизимидаги муассасаларнинг, жумладан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими фаолияти доирасида ахборот тизимларини, идоралараро электрон ҳамкорлик ва маълумот алмашиш тармоқларини жорий қилиш;
- халқаро стандартларга жавоб берувчи юқори технологияларга асосланган хизматлар ва маҳсулотлар сонини ошириш орқали миллий ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий таъминот бозорини ривожлантиришда иштирок этиш.
Ягона интеграторга телекоммуникация соҳасида фаолият юритиш ва ўқув курсларини талаб қилинадиган лицензия ва бошқа турдаги рухсат берувчи хусусиятидаги ҳужжатларсиз, шу билан бирга қонунчиликда кўзда тутилган талаб ва шартларни инобатга олган ҳолда, амалга оширишга рухсат берилади. Шунингдек, унга пудратчи ва суб-пудратчи сифатида, энг яхши таклифлар асосида хўжалик субъектлари билан лойиҳалар ва техник ҳужжатлар, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари, дастурий таъминот воситаларини тайёрлаш бўйича шартнома тузишга ҳам рухсат берилади.

















