Фото: @SquawkaNews 

Жанубий Корея, Эрон, Япония ёки Австралия каби терма жамоалардан ютқазишга, мундиал йўлланмасини уларга бой беришга ўрганиб қолганмиз. Аммо бу сафар биз учун доим паст мақомдаги рақиб туюлган Суриядан ҳам ортда қолиб кетганимиз дардимизни янада кучайтириб юборди. Хўш, атиги бир йил олдин менсимаганимиз, аввалдан 6 очко олишни режалаштирганимиз Сурия қандай жамоа? Биз уларнинг даражасига тушиб қолдикми ёки улар кучайиб кетдими?

Маълумотларни ўқиб сиз ҳам шунга амин бўлишингиз мумкинки, улар бизни ютиш учун қандайдир катта бир ишни амалга оширишгани йўқ. Аксинча, биз ҳеч нарса қилмаганимиз учун шу даражага тушиб қолдик.  

СУРИЯ 2017 ЙИЛДА АТИГИ БИР МАРТА ЮТҚАЗДИ

Фото: @SquawkaNews 

Сурия терма жамоаси 2017 йилда атиги бир ўйинда мағлубиятга учради холос. У ҳам бўлса, Жанубий Корея терма жамоасидан. Ўзбекистон ва Қатар устидан ғалаба қозонди, Эрон ва Хитойга қарши ўйинлар 2:2 ҳисобида якунланди. Сурияликлар бу ўйинларда 8 марта рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Мана шу 5 турда атиги 1 марта, у ҳам бўлса, жарима зарбасидан кейин тўп киритган Ўзбекистон билан солиштирганда, уларнинг учинчи ўрин учун ҳақлироқ бўлганини кўрамиз.

СУРИЯ ЎЗ МАЙДОНИДА ЎЙНАМАДИ

Фото: @SquawkaNews 

Ўзбекистон қўлга киритган 13 очкосидан 10тасини Тошкентдаги ўйинларда олди. Жанубий Корея эса, 15 очкодан 13тасини ўз майдонидаги ўйинларда қўлга киритди. Шу ўринда, “ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради” деган машҳур иборани қўллаш мумкин. Сурия терма жамоаси эса, ўз ўйинларини фақат сафарда ва нейтрал майдонда ўтказди. Шу ҳолатда ҳам 13 очко тўплаб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея билан рақобат қила олишгани таҳсинга лойиқ.

СУРИЯ НАТИЖА УЧУН БАРЧАНИ БИРЛАШТИРДИ

Фото: @SquawkaNews 

Терма жамоа сафида яққол юлдузлар йўқ. Терма жамоанинг аксарият футболчилари хорижда тўп суради. Жумладан, олти нафари Малайзияда, жамоа тўпурари Умар Хрибин Саудия Арабистони чемпионатида, Маҳмуд Ал Мааз Қатар лигасида тўп суради.