Сув билан обод уйинг, гар бўлса у вайрона ҳам
(ўзгартирилган шеър)

Кимдир янги чиққан айфонни орзу қилади, бошқа кимдир бир қултум сувни. Агар сизнинг уйингизда жўмракни бурашингиз биланоқ шариллаб ичимлик суви келса, қувонинг – кўпчиликнинг қўли етмайдиган неъмат сизга ёғилиб турибди.

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг жанубидаги қишлоқлар бу галги муаммоли мақоланинг мавзуи бўлди.

Айтиш керакки, юқорида тилга олинган қишлоқларни табиат тоза ичимлик суви билан сийламаган. Уларга сув маҳаллий халқ тили билан айтганда «юқоридан», яъни сувга мўл Ўқчи қишлоғидан келади (расмга қаранг).

Туманнинг Обод, Каримдевона, Ойимча-қақир, Даҳанақақир, Тагоб, Файзиобод, Қайқуобод, Дўстларобод қишлоқлари ва Шўрсув шаҳарчасида тоза ичимлик сувининг муаммога айланиш тарихи ўтган асрнинг 90-йилларига бориб тақалади. Сув чиқариш иншооти эса ...1932 йилда қурилган. 80 йилдан зиёд халққа хизмат қилган «водокачка»га раҳмат дейиш керакми ёки ўрнига бошқа қуриш адолатли бўладими?

Ўқчи қишлоғидан бетон ариқда келадиган сувнинг ҳолатини кўряпсизми? Шу сувни 35 мингга яқин аҳоли истеъмол қилади. Оқ сув дейишади. Бу «оқ сув» йўл-йўлакай қаерларни суғормайди, кимлар чўмилмайди...

Етиб келгунича азизга айланадиган сув Каримдевона қишлоғидаги «суволғич» (водозаборник) иншоотида тиндирилади. Ҳа, фақат тиндирилади, бирор механик ёки кимёвий ишловдан ўтказилмайди ва тўғридан-тўғри аҳолига узатилади.

Дўстларобод қишлоғига сувни тиндирмасдан берилганда аҳоли маиший бочкада тиндириб ишлатиб кўрди. Натижа шуки, 8-10 марта сув тиндирган бочкангиздан лахта-лахта лойқа олиб ташлайсиз.