Жамият | 18:47 / 12.09.2017
17729
2 дақиқада ўқилади

Туҳмат балоси

Гулнора Розиқова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фарзанди учун 2 ёшгача тўланадиган нафақа берилишини сўраб, Шаҳрихон туманидаги Сегаза МФЙ раисига ариза билан мурожаат қилади ва керакли ҳужжатларни тақдим этади. МФЙ қошидаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссияси унинг ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, оила даромади белгиланган мезондан ортиқ эканлигини аниқлаб, асосли равишда нафақа тайинлашни рад этади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бундан Г.Розиқованинг турмуш ўртоғи Дурбекнинг жаҳли чиқади. Кўнглида ғараз ният туғилиб, ўзининг телефонидан прокуратура ишонч телефига қўнғироқ қилади ва МФЙ котиби фарзандига нафақа тайинлаш учун 100 АҚШ доллари миқдорида пора сўраётганини айтади.

Бироқ, тезкор ўрганишларда Дурбек МФЙ котибига ғаразгўйлик мақсадида туҳмат қилгани, телефон орқали берган хабари ёлғон эканлиги маълум бўлади.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида Д.Розиқовнинг жиноий хатти-ҳаракати кўриб чиқилди. Унда судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, “Жаҳл келганда, ақл кетар” қабилида иш тутгани, прокуратура аралашуви билан фарзандига нафақа ундирмоқчи бўлгани, аслида МФЙ котиби ундан пул талаб қилмагани, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик берилишини сўради.

Суд айбдор, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши бўйича ҳужжатларни атрофлича таҳлил қилиб, Д.Розиқовга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жазо тайинлади. 

Мавзуга оид