Спорт | 13:45 / 05.10.2017
18356
3 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2030 бирданига 3 давлатда ўтказилиши мумкин

Жанубий Американинг уч мамлакати - Парагвай, Аргентина ва Уругвай президентлари 2030 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун биргаликда мурожаат билан чиқиш ниятида эканликларини маълум қилишди. Бу ҳақда AP агентлиги хабар бермоқда.

Парагвай раҳбари Ораcио Картес, Аргентина етакчиси Маурисио Макри ва Уругвай президенти Табаре Васкес чоршанба куни Буэнос-Айресдаги президентлик саройида бу борада баёнот билан чиқиш қилдилар. 

Шу билан бирга, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан 2030 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш учун аризалар тўрт йилдан кейингина қабул қилинади. Тахминларга кўра, мурожаатга Аргентинадан олтита, Уругвай ҳамда Парагвайдан эса учтадан шаҳар киради. 

Аввалроқ, 2030 йилда жаҳон чемпионатини қабул қилиш ҳуқуқи учун Хитой ва Англия ҳам кураш олиб бориш ниятида эканлиги хабар қилинганди.

2030 йилда жаҳон чемпионатининг 100 йиллиги нишонланади. Тарихдаги биринчи мусобақа 1930 йилда Уругвайда бўлиб ўтган. Аргентина жаҳон чемпионатини 1978 йилда қабул қилган бўлса, Парагвай ҳеч қачон бундай ҳуқуқни қўлга киритмаган. Илгари фақат бир марта жаҳон чемпионатига икки мамлакат мезбонлик қилганди - 2002 йилда мусобақа Япония ва Жанубий Кореяда ўтказилди. 

2018 йилги жаҳон чемпионати Россияда, 2022 йилда эса - Қатарда ўтказилади. Шимолий Америка 2026 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилиш учун энг яхши номзод бўлиб турибди. Халқаро футбол федерацияси президенти Жанни Инфантинонинг таъкидлашича, мусобақа бирданига уч давлат - АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтиши мумкин.

"Биз уни [Жаҳон чемпионатини] ўтказиш ниятида бўлган бошқа мамлакатлар ҳам борлигини биламиз, лекин менинг фикримча, Уругвайда биринчи жаҳон чемпионати бўлиб ўтганининг 100 йиллиги минтақани жуда жозибадор қилади", - дея Парагвай раҳбарининг сўзларини келтиради 
Reuters агентлиги.

Макри қўшма мурожаат билан чиқиш ҳақидаги қарор жуда тез қабул қилинганини таъкидлаб ўтди. "Дастлаб ғоя Уругвайдан чиқди, ҳамда биз “ҳа” дейишимиз учун 40 сония вақт керак бўлди, - деди у. - Парагвай ўз номзодини таклиф қилганида, менга рози бўлиш учун яна 40 сония талаб этилди. Уругвай Парагвайнинг қўшилганига жуда ижобий муносабатда бўлди, ҳамда ўйлашимча, бу бизнинг қўшма мурожаатга қўшимча куч беради".

Тадбирда ФИФА президенти Инфантино ҳам иштирок этиб, у қўшма мурожаатда Аргентинанинг ўрни муҳимлигини қайд этиб ўтган.

Мавзуга оид