Спорт | 10:59 / 13.09.2018
23376
2 дақиқада ўқилади

Осиёнинг тўрт давлати биргаликда ЖЧ-2030га мезбонлик қилиши мумкин

Фото: Getty Images

ЖЧ-2030 Осиёда бўлиб ўтиши мумкин, дея хабар тарқатди Yonhap агентлиги. Манбага кўра, Жанубий Корея ҳукумати ушбу мундиалга Хитой, Япония ва КХДР давлатлари билан биргаликда қўшма ариза топширишни режалаштирмоқда.

«Шу тариқа биз Осиё шимоли-ғарбини Корея яримороли билан боғлашга эришишимиз мумкин», - дея тушунтирган Жанубий Корея спорт вазири То Чон Хван.

Таъкидлаш ўринлики, ЖЧ-2002га Япония ва Жанубий Корея биргаликда мезбонлик қилган эди.

Агентлик хабарида қўшимча қилинишича, жанублик корейслар 2032 йилги ёзги Олимпиада мезбонлиги учун КХДР билан биргаликда ариза топшириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Аввал ўзаро уруш вазиятида бўлган мамлакатлар ушбу турнирни ўз пойтахтлари – Сеул ва Пхеньянда ташкил этишлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги ёзги Олимпиада Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтади.

Умуман олганда, ЖЧ-2018дан сўнг 24-жаҳон чемпионати мезбонлиги учун даъвогарлар сони ошиб бормоқда. Дастлаб Аргентина, Уругвай ва Парагвай мамлакатлари бунинг учун курашиши эълон қилинганди. Сўнгра Африка қитъасидан Жазоир, Марокаш ва Тунис давлатлари ҳам шунга даъвогар экани хабар қилинди. Сентябрь ойи бошида эса Буюк Британия ва Ирландия ЖЧ-2030ни ўзида ўтказмоқчи экани маълум бўлганди.

Таъкидлаш жоиз, 2030 йилда илк мундиал ташкил этилганига 100 йил тўлади. ЖЧ-2022 Қатар, ундан кейинги чемпионат эса Канада, Мексика ва АҚШ майдонларида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид