Жаҳон | 08:16 / 16.10.2017
9953
2 дақиқада ўқилади

Киркукда курдлар ва Ироқ армияси ўртасида тўқнашувлар бошланди

Фото: Reuters

Ироқнинг Al Sumariya телеканалининг Киркук вилоятидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, Киркукка кирган Ироқ қўшинлари ва курдларнинг пешмерга отрядлари ўртасида вилоятнинг пойтахтидан жанубда қуролли тўқнашувлар бошланган. Таъкидланишича, бир нечта туманларда Ироқ хавфсизлик кучлари ходимлари ва курд жангчилари ўртасида вақти-вақти билан отишмалар содир бўлиб турибди.  

Ўз навбатида Reuters ахборот агентлиги Киркукдан жанубда икки томон артиллерия қўллаганини маълум қилди. Курд қўмондонлиги вакилининг айтишича, пешмерга отрядлари Ироқ армияси билан эмас, балки қуролли кучларга ёрдам берувчи ярим ҳарбий ташкилот бўлган "Халқ сафарбарлиги" билан жангга киришган. 

Аввалроқ курдлар ҳукумати пешмерга отрядларини жангга биринчи бўлиб киришмасликка ва ҳужум ҳолатидагина ўт очишга чақирганди. Шу билан бирга Киркук губернатори қуроли бор ҳар бир кишини шаҳар ҳимоясига туришга чақирган. 

Ироқ армияси операцияси ярим тунга яқин бошланган. Ироқ телевидениесининг таъкидлашича, Ироқ армияси операция вақтида катта ҳудудни эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Бироқ курд қўмондонлиги буни инкор этган.

Бундан аввалроқ курдлар Бағдоднинг Киркук атрофини бўшатиш талабини бажаришдан бош тортганлар. Курдлар аксинча бунга жавобан ҳудудга пешмерганинг 6 минг жангчисини қўшимча сафарбар қилганди.

Киркук вилояти 2014 йилдан бери пешмерга отрядлари томондан назорат қилинади. Ушбу ҳудуд Ироқ Курдистони таркибига кирмайди. Курд кучлари бу ҳудудни ИШИД жангарилари ҳужумларидан ҳимояланиш мақсадида ўз назоратларига олганлар.

Мавзуга оид