Ноёб суратлар шу ойда Southeastern Naturalist илмий журналида эълон қилинган тадқиқотга киритилди. Олимларнинг таъкидлашича, кадрлар силовсиннинг табиий муҳитда вояга етган заҳарли илонга ҳужум қилишини ҳужжатлаштирган камёб далиллардан биридир.

Суратларда силовсин дастлаб илонга эҳтиёткорлик билан яқинлашаётганини кўриш мумкин. Йиртқич шақилдоқ илоннинг хавфли думига яқинлашмасликка ҳаракат қилган, кейин эса унинг думи ва танасига ҳужум қилган.

3-37

Фототузоқ силовсиннинг дунёдаги энг йирик шақилдоқ илонга ҳужумини тасвирга олди / © Mohamed Khalil Meliane ва бошқалар, Southeastern Naturalist, 2026

Кейинчалик силовсин илонни тирноқлари билан жароҳатлаб, охирида унинг бош қисмидан тишлаган. Кейинги кадрларда илон ағдарилган ва жароҳатланган ҳолатда кўринади.

Шу билан бирга, шақилдоқ илон ҳам силовсинга бир неча бор ташланишга уринган, аммо ҳужумлари натижа бермаган.

Шарқий ромбсимон шақилдоқ илон (Crotalus adamanteus) тана узунлиги ва вазни жиҳатидан шақилдоқ илонларнинг энг йирик тури ҳисобланади. Шу сабаб нисбатан кичик силовсиннинг бундай хавфли ўлжага фаол ҳужум қилиши олимларда алоҳида қизиқиш уйғотган.

4-28

Фототузоқ силовсиннинг дунёдаги энг йирик шақилдоқ илонга ҳужумини тасвирга олди / © Mohamed Khalil Meliane ва бошқалар, Southeastern Naturalist, 2026

Жами 38 та сурат 2022 йил ёзида Флорида штати Харди округида, Флорида университетининг чорвачилик бўйича тадқиқот ва таълим маркази ҳудудида олинган. Камера ёввойи табиатни кузатиш учун ташкил этилган кенгроқ фототузоқлар тармоғининг бир қисми бўлган. Бироқ кадрлар фақат 2026 йилда илмий мақола доирасида эълон қилинди.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, ушбу суратлар силовсинлар вояга етган йирик заҳарли илонларга жиддий шикаст етказа олишини бевосита кўрсатади.

Олимлар бу каби тўқнашувлар табиатда аввал ўйланганидан кўра тез-тез содир бўлиши, аммо одамлар уларни камдан кам кузатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Тадқиқот натижалари силовсинлар йирик судралиб юрувчилар, жумладан хавфли ва инвазив турларни ҳам ўлжа сифатида овлаши мумкинлиги ҳақидаги қарашларни мустаҳкамлайди.