Тошкентга давлат идоралари ва ишбилармон доираларининг 150 нафардан ортиқ вакилидан иборат Ироқ Курдистони делегацияси ташриф буюрди. Ташриф Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси ҳамда Савдо-саноат палатаси кўмагида ташкил этилди.

Делегация таркибига Эрбил, Сулаймония, Киркук, Ҳалабжа ва Доҳук савдо-саноат палаталари раҳбарлари, Курдистон минтақавий ҳукумати вакиллари ҳамда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, қурилиш, тўқимачилик, заргарлик, энергетика, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари кирди.

Томонлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувларда савдо, инвестиция ва саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Курдистон томони ўзбекистонлик компанияларни ўз бозорига жалб қилишдан манфаатдор эканини билдириб, бунинг учун зарур шароитларни яратишга тайёрлигини маълум қилди.

Музокараларда қишлоқ хўжалиги ва маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, чорвачилик, паррандачилик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари заргарлик фабрикаси, қандолат фабрикаси, ишлаб чиқариш мажмуасида бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Ироқ Курдистони бозорига етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг муҳим тадбирларидан бири сифатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Ироқ Курдистони Савдо ва саноат палаталари федерацияси иштирокида иқтисодий форум ўтказилди. 400 дан ортиқ тадбиркор қатнашган форум якунида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Томонлар келгусида бизнес-делегациялар алмашинувини кенгайтириш, кўргазмаларда фаол иштирок этиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.