Ўзбекистон | 17:20 / 20.11.2017
18634
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги руҳий касалликлар шифохонасидан уч нафар бемор қочиб кетди

20 ноябрь куни Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган Республика руҳий хасталикларни интенсив кузатиш шифохонасидан уч нафар бемор қочиб кетган. Бу ҳақда Kun.uz'га ишончли манба хабар берди. 

Маълум қилинишича, муассасадан қочишга муваффақ бўлган беморлар ўтган даврда жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилганди. Улардан бири ўғрилик, иккинчиси гиёҳвандлик моддасини тарқатиш, учинчиси танага қасддан оғир тан жароҳати етказиш каби қилмишларга қўл урган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, беморларнинг икки нафари қашқадарёлик, учинчиси эса Самарқанд вилоятидан бўлган. Шифохонада сигнализация ўз вақтида ишламагани туфайли беморлар қочиш операциясини муваффақиятли бажарган. Улардан бири телефон алоқаси орқали онаси билан гаплашиб, «айни пайтда Тошкент шаҳрида экани ва таксига пул зарур»лигини маълум қилган.

Шифохона ходимлари, қўриқлаш пости хизматчилари мазкур ҳодисага изоҳ беришдан бош тортмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тезкор-қидирув ишлари бошланган.

Мавзуга оид