Тадбиркорга 3,5 млн долларлик кредит олиб бериш эвазига 420 минг доллар талаб қилган тижорат банки юристи ва унинг шериги ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусий акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Олмазор филиали банк хизматлари маркази юристи ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, унинг номига 3,5 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратиб беришларини айтган.

Улар «холис» хизматлари эвазига кредит суммасининг 12 фоизини, яъни 420 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 50 минг доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.