Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ташкил топганига ўттиз йилдан ошган ушбу маҳаллада 23 та кўп қаватли уй жойлашган. 1 минг 416 та хонадонда 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Президентнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида маҳалла бугун бутунлай янги қиёфа касб этди.
“Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги ушбу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада ҳудуд замонавий “яшил” шаҳарсозлик муҳитини ўзида мужассам этган ҳақиқий экологик маҳаллага айланди.
Энг катта янгиликлардан бири Қичқириқ канали қирғоғи бўйлаб барпо этилган сайилгоҳ бўлди. Унинг узунлиги 2,4 километрни ташкил этади. Сув бўйи ҳудуди аҳоли тун-у кун ҳордиқ чиқарадиган шинам ва озода масканга айлантирилди.

Бу ерда 12,4 километр узунликда пиёдалар йўлаги ётқизилди, қўшимча яшил ҳудуд ташкил этилди. Сув ҳавзаси устида муҳташам айвон, 14 та шийпон, чархпалак ва фавворалар қурилди.
Бугун маҳаллада 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда. Турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам янгиланди. Аҳоли дам олиши учун юзлаб ўриндиқлар, ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Бу ерда ёшлар учун ҳам барча шароит яратилди. 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони барпо этилди, кутубхоналар фойдаланишга топширилди.
Тадбиркорлик ҳам жадал ривожланиб, 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Янги лойиҳалар ҳисобига 61 та янги иш ўрни яратилди.
Давлат раҳбари шу ернинг ўзида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик билан ишлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди.

Қичқириқ маҳалласида ҳам бу борада ўзига хос тизим йўлга қўйилмоқда.
Масалан, маҳалла фуқароси Гулнора Ғойипова кулолчилик тўгараги ва тўқувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйди. Бу ерга маҳалладаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар жалб этилиб, “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.


















