Миллиардер Алишер Усмонов ўз ватани - Ўзбекистоннинг янги раҳбарига ташқи дунёга очилишга ёрдам бермоқда ва у "имкон қадар кўпроқ" Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритади. Бу Алишер Усмонов Ўзбекистоннинг етакчилари билан ҳамкорлигини тан олган илк интервьюдир, дейилади Reuters агентлигида.
"Мен қўлимдан келганича Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёрман ва шундай қиляпман ҳам, - деди Усмонов агентликка телефон орқали берган интервьюсида. - Менинг бугунги кундаги ролим - маслаҳатлашувлар ва хайрия лойиҳалари".
Ўзбекистонга қанча маблағ йўналтирмоқчи экани ҳақидаги саволга у "Қўлимдан келганича", деб жавоб берди.
У сармояларга батафсил тўхталмади, фақат гап орасида ўзи 49 фоиз акциясига эгалик қилувчи Россиянинг USM холдинг компанияси ва Ўзбекистоннинг металлургия заводи ўртасида алоқалар мустаҳкамланаётганини айтиб ўтди. Миллиардер бу алоқаларнинг қайси босқичда эканига ойдинлик киритмади.
64 ёшли Усмонов - Россиянинг бешинчи энг бадавлат кишиси. Forbes журналининг Россиядаги нашри унинг бойлигини 15,2 миллиард долларга баҳолаган.
"Ҳозирги раҳбарият амалга ошираётган молиявий ислоҳотларнинг дадиллигини жуда ҳурмат қиламан. Мен аксарият мамлакатларда бўлгани каби, бу 3-5 йил вақт олса керак деб ўйлагандим. Бироқ бу ерда вазият бир йилда ҳал бўлди", - деди ишбилармон.
"Авваллари Ўзбекистонга сармоя киритишдан ҳамма чўчирди, чунки даромадлар репатриацияси механизми йўқ эди. Бугун муаммо қонун нуқтаи назаридан деярли ҳал қилиб бўлинди. Бу Ўзбекистон учун улкан, илғор ислоҳотлар", - деди у.
Усмонов Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳукумати билан алоқа ўрнатмаган. Ҳатто Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин ҳам, у Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига дахлдорлигини рад этган, дейилади манбада.
Алишер Усмонов матбуот хизматининг ўтган йилнинг октябрида Reuters агентлигига маълум қилишича, бу мавзу бўйича гап-сўзлар ҳақиқатдан йироқ. Бироқ Усмонов Ўзбекистонга ёрдам беришга доим тайёр эканини айтган.
Усмонов ва янги президент ўртасида алоқалар ўрнатилди. Сентябрда Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун "Усмонов" авиакомпаниясининг хусусий самолётидан фойдаланди.

















