“Гитарамиз сими узилиб кетса ҳам қўшиқ айтишга иштиёқ бор эди. Ҳозир ҳамма шароит бор, лекин ўша иштиёқ йўқ...”
Ўзининг самимий ва дардли тароналари билан қисқа фурсатда миллионлаб тингловчилар қалбидан жой олган хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев Кun.uzʼга интервю берди. Қаҳрамонимиз санъатга кириб келиши, “олий маълумотли ошиқ” ибораси ортидаги аламли ҳақиқат, шоу-бизнеснинг ғирромликлари ҳамда машҳурлик олиб келган беҳаловатлик ҳақида очиқ-ойдин сўз юритди.

“Нота билмайман, лекин Худо санъаткорлар қаторига қўшиб қўйди”

Жалолиддин Аҳмадалиев саҳнага илк қадам қўйган вақтларида кўплаб танқидларга, ҳатто масхараларга дуч келганини яширмади. Махсус мусиқий маълумоти йўқлиги сабабли атрофдагиларнинг “қаерда ўқиган бу?”, “нотани биладими ўзи?” деган таъналари унга оғир ботган.

“Ўша гаплар эмоцияга берилиб айтилган эди. Мана, Худонинг қудратини кўринг, ҳақиқатан саводсизман, нотани билмайман, лекин элга танитиб, санъаткорлар қаторига қўшиб қўйди. Кимгадир гапларим қаттиқ таъсир қилган бўлса, аввало узр сўрайман. Шоир Ғайрат ака Шералиев “Менга мени саводсиз деманг, олий маълумотли ошиқман” деган шеър ёзиб берган эди. Бунинг ортида катта фалсафа бор”.

Хонанданинг таъкидлашича, устози Тоҳир Маҳкамов таъбири билан айтганда, қобилият ҳаммада ҳам бўлиши мумкин, лекин “қабулият” бўлмаса қийин. Жалолиддин ўзидаги иқтидорни Яратганнинг инояти ва халқнинг қабул қилиши деб билади.

“Гитарага қалам боғлаб куйлардик... Ҳозир шароит бор, иштиёқ йўқ”

Ижодкорнинг таъкидлашича, илк қўшиқлари ҳеч қандай моддий манфаат ва рақобат ҳақида ўйламасдан, беғубор туйғулар билан ёзилган. Ҳозирги кунда эса шоу-бизнес ва тўй талаблари санъаткорнинг ички дунёсига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти.

“Бир пайтлар, ижодимни энди бошлаганимда, гитарамизнинг “каподастр” деган мосламасига пул тополмай, ўрнига қалам қўйиб, пул резинаси билан қисиб олардик. Сими узилиб кетса ҳам улаб, иштиёқ билан қўшиқ қилардик. Мухлислар яхши кўрган “Жононим” каби қўшиқлар ўша сими узилган гитараларда туғилган. Ҳозир студия бор, хоҳлаган чолғу бор, ҳамма шароит етарли. Лекин ўша биринчи даврлардаги иштиёқ йўқ. Ҳозир ҳамма нарса тўй учун, одамларни ўйнатиш учун бўлиб қолди. Сиз ҳам замонга, одамларга қараб ўзингизнинг зўр нарсаларингизни ташлаб қўяр экансиз”.

“Чўққида ҳеч нарса йўқ экан — фақат беҳаловатлик бор”

Саҳнадаги муваффақият ва машҳурлик ташқаридан жозибали кўрингани билан, унинг ортида катта руҳий босим ва беҳаловатлик ётади. Жалолиддин ўзининг ижтимоий тармоқдаги “Мени тинч қўйинглар, чўққига чиқмоқчиман, у ерда нима борлигини кўрмоқчиман” деган пости ҳақида ҳам тўхталди.

“Ўша чўққида нарса йўқ экан. Фақат беҳаловатлик, уйқусизлик ва масъулият бор экан. Тунда 3-4 соатгина ухлайсиз, ҳар куни кимгадир берилган ваъда, кимнингдир тўйига етиб бориш ташвиши. Ҳаловат бўлмаса, топаётган пулингиз ҳам, мухлислар олқиши ҳам, миниб юрган машинангиз ҳам кўзингизга кўринмай қоларкан”.

Шунингдек, у санъатга киргач, муаллифлик ҳуқуқлари ва шеърлардан рухсатсиз фойдаланиш ортидан келиб чиққан суд жараёнлари, жарималар ва тортишувлар унинг жонидан ўтиб кетганини тан олди.

Тўй гонорарлари, солиқлар ва Тошкентдаги “тугат-тугат”лар

Жалолиддин Аҳмадалиев фонограммадан деярли фойдаланмаслигини, фақат овоз етказиш қийин бўлган ўта катта стадионлардаги давлат тадбирларида истисно бўлишини айтиб ўтди. Шунингдек, тўй ҳизматлари нарх-навоси ва солиқ тўлашдан мамнунлиги ҳақида гапирди.

“Тошкент шаҳри учун 5 000–6 000 Ақш долларига, узоқ вилоятлар Самарқанд, Сурхондарё учун 8 000–10 000 доллар атрофида тўй хизматларига бораман. Шунга яраша солиқдан қочмаймиз. Лицензиямиз ҳам энг юқори тоифадагиси, йиллик ва ойлик даромад солиқларини, декларацияларни ўз вақтида тўлаб борамиз. Биз берган солиқлар пенсияларга, болалар уйига кетади. Ходимларимни ҳам маош билан таъминлайман, бундан хурсандман”, — дейди хонанда.

Бундан ташқари жонли ижрода куйланган қўшиқларни асосан Андижон халқи алоҳида қадрлашини айтаркан, пойтахтда хизмат маҳали қўшиқ авжига чиққанда “тугат-тугат” дейишлари санъаткорнинг кайфиятига ва руҳиятига оғир ботишини яширмади.

Нега Жалолиддин Аҳмадалиев рекламаларда кўринмайди?

Кўплаб машҳурлардан фарқли ўлароқ, хонанда тижорий рекламалардан, хусусан, уй-жой ва қурилиш лойиҳаларидан мутлақо қочади. Бунга сабаб — мухлислар олдидаги масъулият ҳиссидир.

“Уй-жой рекламалари бўйича кўп мурожаат қилишади. Фақат бир марта яқин танишим уй-жой қурилишини реклама қилишимни илтимос қилди, йўқ деёлмадим. Жуда катта нарх айтиб юбораман рад этиш учун. Чунки бу жуда нозик нарса. Эртага ўша уйнинг кадастри чиқмай қолса, гази келмай қолса ҳам одамлар “сен айтгандинг-ку”, деб мени айбдор қилади. Инсон ҳаётига зарар келтирадиган нарсаларни пул учун ҳеч қачон реклама қилмайман. Лекин ростдан фойдали, ўзимга ёққан нарсани текинга ҳам ёритиб беришим мумкин”.

Жалолиддин Аҳмадалиевнинг самимий эътирофлари шундан далолат берадики, у катта саҳнага ва машҳурликка эришган бўлса-да, қалбидаги соддалик ҳамда ички қадриятларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Чўққидаги беҳаловатлик, кетма-кет тўй хизматлари ва шоу-бизнеснинг ёзилмаган қоидалари орасида у ҳали ҳам ўз ҳаловатини ҳамда илк йиллардаги ҳақиқий ижодий иштиёқини изламоқда. Миллионлаб тингловчилар эса хонандадан фақат тўйбоп тароналарни эмас, балки айнан ўша қалб тубидан отилиб чиққан, дардли ва самимий қўшиқларнинг давомини кутиб қолади.