Жаҳон | 00:52 / 05.12.2017
9450
2 дақиқада ўқилади

Усэйн Болтга юртида ҳайкал ўрнатилди 

Фото: instagram/usainbolt

4 декабрда Ямайка пойтахти Кингстонда афсонавий спринтер Усэйн Болтнинг бронзадан ишланган ҳайкали очилди. Ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида жорий ёзда спортчилик фаолиятини тугатишини эълон қилган спортчининг ўзи ва мамлакат раҳбарияти иштирок этди.  

Болтнинг ҳайкали ямайкалик таниқли ҳайкалтарош Бэзил Уотсон томондан яратилган бўлиб, миллий стадион ёнида ўрнатилди. Унинг баландлиги 2,5 метрни ташкил қилади.

“Менда ҳис-туйғуларимни ифодалашга сўз йўқ. Бу мен учун катта шарафдир. Мен миллий стадион олдида, менинг фаолиятим бошланган жойда ҳайкалим ўрнатилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмагандим”, деб изоҳ берган спортчининг ўзи. 

Мамлакат бош вазири Эндрю Хоулнесс Болт мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш учун бебаҳо улуш қўшганини айтди. Унинг таъкидлашича, шу сабабли Ямайка Болтдан миннатдор. 

Ямайка ҳукумати Болтга ҳайкал қўйишга 2016 йилдаёқ қарор қилган. Қайд этиш жоизки, Болт ҳайкали яна бир афсонавий ямайкалик – мусиқачи Боб Марли ҳайкали ёнида қад ростлади.

Мавзуга оид