Болани ўқишга қизиқтиришда нима учун мукофотлар билан рағбатлантириш иш бермайди, унинг ўрнига қандай йўл тутиш кераклигини билмоқчи бўлсангиз, "Лайфхакер"нинг қуйидаги тавсиялари сиз учун.
Ички ва ташқи мотивацияни танлаймиз
Ички мотивация ҳақида камдан-кам бош қотирамиз. Бизнинг самимий хоҳиш-истакларимиз, ҳолатимизни тушунтириш учун биргина сўз етарли - "истайман". Болалар ўзларига ёқадиган гуруҳнинг қўшиғини бажонидил тинглашади, ўз қўллари билан бирор нарса ясашади ёки саргузашт романлар ўқишади, чунки уларга шундай қилиш ёқади.
Ташқи мотивация ҳар хил бўлади - чўнтак пулларидан тортиб, то мактабдаги баҳоларгача. Буни бир гап билан изоҳлаш мумкин: "Мана бундай қилсанг, буни қўлга киритасан".
Психолог Альфи Кон "Мукофот билан жазолаш" китобида нафақат ота-оналарни, балки ўқитувчиларни ҳам турли имтиёзларни қўллашдан огоҳлантиради. Баъзи ота-оналар фарзанди яхши ўқиши учун ҳайвонот боғига олиб боришни ваъда қилишади, бошқалари қимматбаҳо гаджетларни харид қилишади ва ҳатто пул ҳам беришади. Муаммо шундаки, бу усул иш бермайди: ўқувчи шундай ўқишда давом этаверади, боз устига, ваъда қилинган нарсага эриша олмагани учун яқинларидан хафа ҳам бўлади!

Ўқитувчилар кўринишидан олижаноб усуллар билан иштиёқни оширишга ҳаракат қилишади: турли мақомлар (ойнинг энг яхши ўқувчиси) жорий қилишади, яхши ўқийдиганлар учун имтиёзлар яратишади. Кўпинча шундай бўлади: ойнинг энг яхши ўқувчиси асосан бир ўқувчи бўлади, имтиёзлар эса одатда таркиби ўзгармайдиган ўқувчилар доирасига берилади. Қолган ўқувчилар эса ўзларини омадсиздек ҳис қилишади.
Нима учун ташқи мотивацияни ошириш иш бермайди?
Биз "Мана бундай қилсанг, буни қўлга киритасан", деган пайтимизда бола дастлаб ваъдани иштиёқ билан қабул қилади. Шу билан бирга, унда ўзини ўзи ҳимоялаш инстинкти ҳам ишга тушади.
Бола муаммони ҳал қилишнинг ижодий усулини эмас, энг ишончли ва қисқа йўлини излай бошлайди.
У ўзига ўзи савол беради: "Таваккал қилиб, назорат ишини ўзим ёзишимга не ҳожат? Яхшиси, аълочилардан кўчириб оламан, шуниси ишончлироқ". Қарабсизки, мақсадлар ўзгариши рўй беради: билим олиш учун ўқиш эмас, мукофот олиш учун ўқиш.















