Бир йилдирки мамлакатимизда жиддий ислоҳотлар бошланди. Номигагина, кўзбўямачилик учун эмас, ҳақиқатда ислоҳ қилиш учун, халқнинг юкини енгил қилишга, мажруҳланган иқтисодиётни соғломлаштириш, уни оёққа турғизишга қаратилган ислоҳотлар...

Буларни амалга ошириш учун отнинг калласидек юрак, тинимсиз шижоат ва теран заковат лозим. Шукрки, буларнинг барчаси ислоҳотлар ташаббускори бўлган давлат раҳбарида мужассам. Аммо қарс икки қўлдан чиқади. Ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш учун асосий ижрочилардан, энг аввало, бу ислоҳотларни жиддий қабул қилиш, кўп марта таъкидлайдиганим, бир ишни амалга оширишда «болта билан» эмас, аксинча ақл билан иш кўришга ўрганиш талаб этилади.

Аввалги таҳлилий мақолаларимда бугун президент қўйган мақсадларга эришишда тўғаноқ бўлаётган омилларга тўхталгандим. Ушбу мақолада тараққиётдан оғдираётган қусурларимизнинг баъзиларига тўхталишга аҳд қилдим. Мақолада ўзим бевосита гувоҳи бўлган ҳолатлар тилга олинади, аммо ахлоқ нуқтаи назаридан ва масала аслида шахсий муаммолар эмас, умуммиллий изтироб эканлиги боис, ҳодиса иштирокчиларининг исми шарифи ва лавозимини тилга олмайман.

Нарцизм

Қадим юнон афсоналарига кўра шаҳзода Нарцисс чиройда тенгсиз, аммо аёллар қалбини ранжитадиган, туйғусиз кимса бўлган экан. Унинг дилозорликлари сабаб муҳаббат маъбудаси уни дуоибад қилади. Натижада унинг қалбида ишқ ниш уради. Аммо у бошқа бировнимас, сувнинг бўйида юзини чаяётиб, ўз чиройига ошиқ бўлиб қолади. Ўзини севади. Ўзини мадҳ қилади. Алал-оқибат ўзининг ҳажрида куйиб ўлиб кетади. Шундан буён ўзига мафтунлар борки, барчасига: «Нарцисс касаллиги билан касалланган», деган ташхис қўйилади.

Надоматки, бугун атрофимизга, жамиятга назар солсак, телеканалларимизни кузатсак, марказий нашрларимизни ўқисак, биз ҳақиқатда нарцизм касаллигига дучор бўлганимизни кўрамиз. Ҳануз ўзимизга маҳлиё бўлиш, ўз тарихимиз билан фақатгина ғурурланиш, ўзимизни мадҳ этиш, сохта обрў орттириш билан бандмиз.

Маҳаллий ижро ҳокимиятдаги йиғилишларда иштирок этишдан-ку ортиқ азоб йўқ. Деярли барчаси бир хил концепцияда ўтади. Президент танқид қилган соҳалар аёвсиз танқидбозлик кампаниясига айлантирилади, топшириқлар бир хилда берилади: «Қандай бўлмасин бажарилсин!»

Бошқа муаммолар гапирилмайди, кечаги сиёсатда йўл қўйилган баъзи камчиликлар виждонсизча, кўр-кўрона қораланади ва ўтмишнинг елкасига ортилади.

Тўхтанг, жаноблар,  сизга нима бўлаяпти? Агар президент ўтган даврда йўл қўйилган камчиликларни тилга олган бўлса, айнан қаерда хато қилинганини, нима сабабдан шундай бўлганини билгани учун, ўз вақтида шахсан буларнинг олдини олишга ҳаракат қилгани, аммо унга бу имконни беришмагани учун ҳақли равишда танқид қилаяпти. Сизлар-чи?