Nissan янги ихчам Pixo электромобилини тақдим этди. Модел Renault Twingo ва иккинчи авлод Dacia Spring билан бир хил платформада қурилган.

Янги автомобилнинг олд ва орқа қисмида пикселли элементлар пайдо бўлди. Аммо ён томондан қараганда машина деярли тўлиқ Renault Twingo моделини такрорлайди.

2
Фото: Nissan Pixo

Электромобилнинг узунлиги 3796 мм, бурилиш диаметри эса 9,9 м. Ғилдирак базаси — 2492 мм. Pixo модели Twingo ва Spring билан бир хил платформага асосланган. Электромобил сиғими 27,5 кВт·соат бўлган литий-темир-фосфат батареяси билан жиҳозланган. WLTP цикли бўйича юриш масофаси 259 км ни ташкил этади. Уни 50 кВт гача қувватли ўзгармас ток билан қувватлаш мумкин. Батарея тахминан 28 дақиқада 15 дан 80 фоизгача қувват олади.

Олд ғилдиракларни қуввати 80 от кучи ва айлантирувчи лаҳзаси 175 Нм бўлган электромотор ҳаракатга келтиради. Турган жойидан 100 км/соат тезликка Pixo 12,1 сонияда эришади.

Орқа ўриндиқлар ортидаги юкхонанинг ҳажми 356 литрни ташкил этади ва мустақил орқа ўриндиқлар йиғилганда бу ҳажм 1221 литргача ошади.

4
Фото: Nissan Pixo

Pixo ички кўриниши Twingo салонини деярли такрорлайди, аммо Nissan асосий функцияларни бошқариш учун жисмоний тугмалар ва регуляторларни сақлаб қолган. Шу билан бирга, электромобил замонавий технологиялар, жумладан, Google Gemini овозли ёрдамчиси ва ҳайдовчини аниқлаш ҳамда шахсий созламаларни юклаш имконини берувчи Face ID юзни аниқлаш тизимига эга бўлди.

Pixo сотуви Европада 2027 йил бошида бошланади. Компания нархларни 2026 йил декабр ойида эълон қилади. Асосий версияда электромобилнинг нархи 20 минг еврогача бўлиши мумкин (тахминан 270 млн сўм).