Аввалроқ Сирдарё вилояти прокуратурасининг маълумотларига асосланиб, Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси ва 183-моддаси билан маъмурий ишлар қўзғатилгани ва улар кўриб чиқиш учун 2017 йил 28 декабрда маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилгани тўғрисида маълумот берган эдик.
Эътиборли томони вилоят прокуратурасининг берган маълумотида айтилишича, Сайхунобод туман ҳокими Н.Эгамбердиев ҳам туман прокурори номига ариза билан мурожаат этиб, унда 28 август 2017 йилда туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг, уни тумандаги таълим муассасалари раҳбарларини туманда ўтказилган мустақиллик байрамига қўл остидаги ходимларни маданий ҳордиқ чиқариш учун олиб келмаганликлари сабабли, уларни ҳақоратлаб, қўл теккизгани ҳолатини яширин равишда видео тасвирга олиб, оммавий ахборот воситаларига чиқариб юбориб, уни обрўсига путур етказган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Текшириш натижаси бўйича Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори К.Раҳмоновнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 46-моддасида назарда тутилган фуқароларга маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий зарар етказадиган маълумотларни ошкор этиш ҳуқуқбузарлиги аломатлари мавжуд бўлганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи директори Комилжон Раҳмоновга нисбатан МЖтКнинг 46-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Сайхунобод туман судига юборилди. Эндиликда унга энг кам ойлик иш ҳақининг 2 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Прокуратуранинг ушбу баёнотидан кейин KUN.UZ таҳририятида бир қанча саволлар туғилмоқда.
1) Демак, бир ҳуқуқбузарнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини видеога олиб, уни ОАВга етказса, яъни айтайлик жиноят ҳақида хабар берса, ўша хабар берган одам ҳам жазога тортилар эканда?!
2) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасига эътибор қилсак, тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш ҳаракати маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши қайд этилган.
















