Украина армияси тўрт йилдан ортиқ таяниб келаётган сунъий йўлдош алоқаси бу ҳафта Киев ва Вашингтон ўртасидаги баҳснинг марказига айланди. Чеклов ҳақида 14 октябр куни Украина президентининг мудофаа технологиялари бўйича маслаҳатчиси Серҳий Бескрестнов маълум қилди. «Қуролли кучларимиз бу чекловлар ҳақида огоҳлантирилмади ва бу бир қатор миссияларнинг барбод бўлишига олиб келди», деб ёзди у.

Украина Мудофаа вазирлигига кўра, ўша кун давомида алоқа бундан ҳам паст тезликда узилган. Кечга бориб алоқа соатига 160 километргача тикланган, аммо чегаранинг ўзи сақланиб қолган. Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Федоров Маскка миннатдорчилик билдириб, чегарани бутунлай олиб ташлаш Украина мудофааси учун «ҳал қилувчи» эканини ёзди.

Жанг майдонининг «асаб тизими»

Starlink Украина учун оддий интернет эмас, балки армиянинг асосий алоқа воситасидир. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) инновациялар бўйича директори Жорж Баррос BBC’га берган изоҳида уни «Украина ҳарбий алоқасининг умуртқа поғонаси» деб атади. Унинг сўзларига кўра, тизим дронлар, артиллерия ва қўмондонлик пунктларини ягона реал вақт тармоғига бирлаштиради, шу туфайли нишон аниқлангандан зарба берилгунча ўтадиган вақт қисқаради.

The New York Times, BBC, Reuters, ISW маълумотлари асосида тайёрланди. Схема соддалаштирилган, масштаб сақланмаган - Kun.uz

Украина дронларига Starlink ёки унинг ҳарбий версияси Starshield’нинг кичик терминали ўрнатилади ва у тепадан ўтаётган сунъий йўлдошлар билан тўхтовсиз алоқа ушлаб туради. Дрон камерасидаги видео сунъий йўлдош ва ер станцияси орқали интернетга, ундан юзлаб километр узоқдаги оператор экранига боради. Операторнинг буйруқлари эса худди шу йўл билан дронга қайтади. Оддий радио алоқа узоққа етмайди ва душман уни радиоэлектрон кураш воситалари билан осонроқ бостиради. Сунъий йўлдош алоқаси эса масофага унчалик боғлиқ эмас ва бостиришга чидамлироқ.