
«Мен ҳеч кимга ҳеч нимани ўргатолмайман, балки кишиларни фикрлашга йўналтириб юборишим мумкин» Суқрот
АҚШдаги Ҳарвард университети бир неча ўн йилликдан буён жаҳон таълим тизимида ўзининг муқим ўрнига эга, обрўли илм масканларидан бири бўлиб қолмоқда. 23 ёшли Нилуфар Кўчимова 2017 йилда Ҳарвард талабаси сифатида олийгоҳга грант асосида ўқишга қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташриф билан борганида Америкадаги ватандошлар билан суҳбатлашганди. Улар қаторида Нилуфар ҳам бор. Университетининг магистратура босқичида таҳсил олаётган Нилуфар олийгоҳда бир семестр давомида тўплаган тажрибасидан сўнг, бир неча мулоҳазаларини Kun.uz мухбири билан ўртоқлашди.
«Ҳарварднинг кучли ҳайратга солган илк жиҳати, шак-шубҳасиз, ундаги ўқитиш услубидир. АҚШнинг нуфузли университетлари қаторида етакчи ўринни сақлаб турган Ҳарвард ва унинг издошларида «Суқротнинг ўқитиш услуби» деб номланган тизим жорий қилинган», деб сўз бошлайди Нилуфар.
Унинг қайд этишича, ўзининг муваффақиятли ўқитиш тизими ва юксак натижалари билан бошқа олийгоҳлардан ажралиб турувчи Иви лигаси университетлари айнан мана шу услубият орқали шонли зафарларга эришмоқда. «Суқротнинг ўқитиш услуби» файласуф томонидан шогирдларига билим беришда қўлланилган ўзгармас оддий қоидаларга бўйсунади: манфаатли суҳбат асносида масалани муҳокама этиш, савол-жавоб шаклида танқидий фикрлашни ривожлантириш ҳамда илк фаразларни натижадан ажратиб олишдан иборат. Бу шундай диалектик услубки, унинг иштирокчиси ўз фикрини ҳимоя қилиши, бошқаси асослантирилган далиллар билан қарама-қарши «ҳужумга» ўтиши мумкин.
«Ҳарвардда айнан шундай ўқитиш услуби орқали талабаларга билим берилишини эшитгандим, аммо мен учун университетнинг бундай сиёсати доимо мавҳумлигича қолаверган, уни ҳеч қачон ҳис этмагандим. Ўқитувчининг маърузаси ва китобдаги жумлаларни тинимсиз қорага кўчириб бораётган талабани кўз олдингизга келтиринг! Бундан ташқари, конспектини ёд олиб, семинар дарсларида сўзма-сўз қайтарган талаба... Шу шароитда ҳуқуқшуносликни ўрганган қиз учун Ҳарварднинг нотаниш тизими ваҳимали туйила бошлаганди. Айтиш жоизки, менда қўрқув ҳам пайдо бўлди», дейди у.
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети битирувчиси Нилуфар Кўчимова суҳбат давомида илк пайдо бўлган қўрқувга ўқитувчилар сабабчи бўлганини таъкидлаб ўтди.
















