Иш ва бошқарувга оид мотивацион китоблар муаллифи Дэниел Пинк ўзининг янги "When: The Scientific Secrets of Perfect Timing " ("Қачон: Мукаммал вақтнинг илмий сирлари") китобида муайян машғулотлар учун вақтни тўғри танлай билишга доир қатор психологик, биологик ва иқтисодий тадқиқотларни келтиради.
Унинг фикрича, сармоячилар билан йиғилишлар ва жарроҳлик операцияларини кун ярмига қадар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Агар ҳар 3-5 йилда ишингизни ўзгартирадиган бўлсангиз, ўзингиз ўйлаганингиздан-да кўпроқ пул топишингиз мумкин.
"Вақтни тўғри танлай билиш биз нимани қандай қилаётганимизга мисли кўрилмаган даражада таъсир кўрсатади", - дейди Пинк. Wired'да қандай қилиб вақтни тақсимлашни ўрганиш ва шу орқали ҳаётни оз бўлса-да енгиллаштиришга оид бир неча муҳим маслаҳат берилади.
Барча муҳим ишларни куннинг биринчи ярмида бажаринг

Бизнинг кайфиятимиз ва энергиямиз тўғридан-тўғри олдиндан айтиш мумкин бўлган циркад ритмларга боғлиқ. Уларни, ўз ўрнида, генетик даражада жо бўлган инсон хронотипи белгилаб беради.
Ўрта статистик инсоннинг кайфияти уйқудан тургандан тахминан етти соат кейин тушади, яъни соат 14:00дан 16:00гача. Айнан шу вақтда одамлар — айниқса тиббиёт ходимлари ўз фаолиятида кўп хатоларга йўл қўйишар экан.
"Бир неча ой аввал қизимнинг "ақл тиши"ни олишлари керак эди, - дея сўзлайди Пинк. - Мен унга "Сен шифокор ҳузурига энг биринчи бўлиб борасан", деб айтдим.
Қаҳва ичинг ва мизғиб олинг

Мизғиб олишнинг фойдали экани аллақачон исботланган. 10-20 дақиқага кўзларни юмиб, ақлий салоҳиятни ривожлантириш мумкин. Бироқ бунинг олдидан яна бир шинжон қаҳва ичиб олинса, қисқа уйқу эффекти сезиларли даражада ошади. Зеро кофеин организмга тушгандан тахминан 25 дақиқа кейин ўз таъсирини кўрсата бошлайди.
Пинкнинг фикрича, уйқу учун қисқа танаффуслар ишчи кунининг ажралмас қисмига айланиши керак. Колумбия университети тадқиқотчилари судьялар ҳукм чиқаришдан олдин мизғиб олса, нисбатан адолатли қарорлар чиқаришини аниқлашди. АҚШ касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари эса кундузи узоқроқ дам олувчи болалар бошқа болаларга нисбатан юқорироқ баҳолар олишига ишонч билдиришмоқда.



















