Бугунги кунда дунё тарихчи олимлари якдиллик билан таъкидлашича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур жуда ростгўй ва ҳақпарвар шоҳ бўлган. У ўзининг машҳур “Бобурнома” асарида бошидан ўтганлари, кўрган кечирганларини хаспўшламасдан, рўй-рост ёзгани маълум. 

Унинг қизи Гулбаданбегим ўз отасининг йўлидан бориб, укаси Ҳумоюн Мирзонинг ҳаёт йўлини ёзиб қолдирган. У “Ҳумоюннома”да Бобур мирзонинг эзгу фармонларидан бири 1526 йилда ўз империясида ичкиликбозликни расман тақиқлаган эканини ёзади.  

Нафақат улуғ шоир ва шоҳ, балки бир инсон сифатида ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон тотиб кўрган Бобур Мирзонинг бу ҳақдаги Фармони тўлиқ матни “Бобурнома”нинг “Тўққиз юз ўттиз учинчи йил(1526-1527) воқеалари” бўлимида келтирилган. 

Унда жумладан шундай дейилади: “...тинч сақланган мамлакатда (Худо офат ва хавфлардан омон қилсин) мутлақо ҳеч бир киши ичкилик ичишга уринмасин, уни ҳосил қилишга тиришмасин, ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сақламасин, элтмасин ва келтирмасин”.