Спорт | 13:10 / 23.01.2018
15784
2 дақиқада ўқилади

Қишки олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар номи маълум

Яна 17 кундан сўнг Корея Республикасининг Пёнгчанг шаҳрида XXIII қишки Олимпия ўйинлари старт олади. Унда сайёрамизнинг 90та давлатидан 6500дан зиёд спортчи ва расмий шахслар иштирок этиши кутилмоқда, деб ёзади МОҚ расмий сайти.

2018 йилги қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини икки нафар спортчи ҳимоя қилади. Булар — фигурали учиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Миша Ге ва тоғ чанғиси спорти бўйича мамлакат терма жамоаси етакчиси Комилжон Тўхтаев. 

Мусобақаларга биринчи бўлиб Миша Ге киришади. У 16 февраль куни «Gangneung Ice Аrena» муз саройида фигурали учишнинг қисқа дастурида чиқиш қилса, эртасига, 17 февралда эркин дастурда ўз омадини синаб кўради.

Комилжон Тўхтаев 18 февраль куни тоғ чанғисининг гигант слалом баҳсларида иштирок этади. 22 февралда эса слалом бўйича мусобақада қатнашади. Тоғ чанғиси бўйича беллашувлар «Yongpyong Alpine Centre» мажмуасида бўлиб ўтади.

Маълумот учун, XXIII қишки Олимпия ўйинлари Корея Республикасининг Пёнгчанг шаҳрида 9–25 февраль кунлари давомида бўлиб ўтади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид