Ўзбекистон | 17:30 / 23.01.2018
96352
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ўзбекистоннинг 58 фуқароси минган автобус қутқариб қолинди

Фото: Иллюстратив сурат

Ўзбекистонликлар минган автобус Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида қутқариб қолинди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Павлодар ҳокимияти тарқатган маълумотларига кўра, йўловчи автобуси Тошкентдан Красноярск томон кетаётган бўлган. Транспорт воситаси қаттиқ совуққа дош бермай, Павлодар вилоятидаги Шчедерти посёлкаси олдида ишдан чиққан. Бу вақтда автобусда 57 йўловчи ва ҳайдовчи бўлган.

Павлодар ИИБ фавқулодда ҳолатлар департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, музлаб бораётган транспорт воситасидаги одамлар қутқарилиб, Шчедерти посёлкасидаги исиниш пунктига жойлаштирилган. Шундан сўнг, иситилган автобус ва йўловчилар Павлодаргача кузатиб борилган.

«Автобус Павлодаргача ўзи юриб борди. Ҳайдовчи ва йўловчилар дарҳол Павлодардаги 1-сонли автобус саройининг иссиқ хоналарига жойлаштирилди. Улар учун иссиқ овқат ва ётоқ ташкиллаштирилди», — деган Павлодар ҳокими аппаратининг фавқулодда ҳолатлар, фуқаро мудофааси ва мобилизация тайёргарлиги бўйича бўлими бошлиғи Ризабек Аширбеков.

Унинг сўзларига кўра, йўловчилар орасида аёл киши ҳам бор, у турмуш ўртоғи билан Россияга сафар қилмоқда. Қутқарувчиларнинг қайд этишларича, агар яқин орада аҳоли пункти бўлмаганида йўловчилар музлаб қолишлари ҳам мумкин эди.

Бузилган автобус айни вақтда Павлодардаги 1-сонли автобус саройи боксида турибди.

«Автобус саройи ишчилари техник носоз автобусни таъмирлашда амалий ёрдам кўрсатмоқда. Аниқланишича, автобуснинг компрессори ишдан чиққан. У таъмирлангач, автобус йўлида давом эта олади. Маҳаллий полиция хизмати вакиллари уни Россия чегарасигача кузатиб қўйишади», — деган Аширбеков.

Бундан аввалроқ Қозоғистоннинг Оқмўла вилоятида Ўзбекистоннинг 43 фуқароси бўлган Van Hool маркали автобусга йўлда дизель ёқилғиси музлаб қолганида ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.

Айни дамда Оқмўла вилоятида кучли совуқ ҳарорат сабаб жамоат транспорти учун барча йўналишларда автойўллар ёпилган, йўл-патруль полицияси ходимлари кучайтирилган режимда ишламоқда.

ФВВ Қозоғистонга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди

18 январь куни юз берган Ақтўбе фожиасидан кейин Қозоғистон Инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазирлиги ҳузуридаги транспорт қўмитаси ИИВ маъмурий полицияси билан биргаликда «Автобус» тезкор-профилактик тадбирни ўтказмоқда. Тадбир доирасида Қозоғистонда рейс бўйича қатновчи барча автобуслар ҳолати текширилади.

Мавзуга оид