Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида жамоат транспортида 1 октябрдан йўл ҳақи тарифларини қайта кўриб чиқиш бўйича жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа юзасидан батафсил тушунтириш берди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши жамоат транспортида йўл ҳақи тарифларини қайта кўриб чиқиш лойиҳасини 9 сентябргача жамоатчилик муҳокамасига қўйган. Лойиҳага кўра, 1 октябрдан қуйидагиларни жорий этиш таклиф қилинмоқда:

  • автобус ёки метрода бир марталик қатнов учун электрон тўлов – амалдаги 1700 сўм ўрнига 2500 сўм;

  • нақд пул билан тўлов – амалдаги 3000 сўм даражасида қолдирилади;

  • багаж ташиш ҳақи – 4000 сўм этиб белгиланади.

Барча нархлар ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда кўрсатилган. Шунингдек, лойиҳада доимий йўловчилар учун янги абонементлар ҳамда жамоат транспорти турлари ўртасида биридан иккинчисига ўтиш учун алоҳида алмашиш тарифлари назарда тутилган.

Вазирлик изоҳида йўл ҳақи нархининг ҳар қандай ўзгариши аҳолининг кундалик харажатларига бевосита таъсир этиши, шунинг учун жамоат транспорти харажатлари нималардан иборатлигини ва йўловчи бунинг эвазига қандай хизмат олиши кераклигини очиқ тушунтириш муҳимлиги таъкидланади.

Бугунги кунда пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Тошкент шаҳри кенгайиб, аҳолининг мунтазам ва қулай транспорт хизматларига бўлган эҳтиёжи йил сайин ортиб бормоқда. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳаракат таркиби қарийб икки баробар кенгайиб, автобуслар сони 1900 тага яқинлашган. Уларнинг ўртача қатнов оралиғи эса 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқарган. Йўналишлар тармоғи янги турар жой массивлари ҳамда пойтахтга туташ ҳудудларни қамраб олиш ҳисобига кенгаймоқда.

«Бироқ ҳаракат таркибини сотиб олишнинг ўзи етарли эмас. Унинг ҳар куни йўналишга чиқишини ва техник созлигини таъминлаш зарур. Харажатлар машинистлар, ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёнилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва шиналар, ҳаракатдаги таркибга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, депо ва қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, салонларни тозалаш, шунингдек, диспетчерлик, навигация ва электрон тўлов тизимларининг ишлашини ўз ичига олади», – дейилади вазирлик изоҳида.