Ўтган шанба куни 92 ёшида ҳаётдан кўз юмган IKEA асосчиси ҳамёнбоп замонавий дизайнерлик мебеллари ғоясини тақдим этиш билан бир қаторда мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги фалсафасини ҳам ишлаб чиқди.
"Бизнес — бу муҳаббат. Агар одамларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлмасангиз, уларга маҳсулот сота олмайсиз", - дея таъкидларди Кампрад.
Кампрад ҳаёти давомида канцтовар сотувчисидан то 37,6 миллиард доллар айланмали корпорация ҳаммуассисигача бўлган йўлни босиб ўтди. Энди кўплар унинг қандай қилиб дизайнерлик мебелини оммавий талабгор товарга айлантиргани, таннархнинг ҳар бир кронаси учун курашгани, ишлаб чиқаришни тежамкорлик мақсадида Польшага кўчиргани, Кампарднинг етказиб берувчилар билан музокараларда қатъийлиги ҳақида ёза бошлашади: "IKEA билан ишлашнинг илк икки йилида сизнинг даромадингиз IKEA'да қолиши" - фақат қисман ҳазил.
Швед ишбилармони ҳеч қандай расмий таълим олмай, хатти-ҳаракат психологияси савдосидан фойдаланишнинг "оталари"дан бирига айланди, IKEA дўконларида қўлланувчи усуллар эса тавсиявий маркетингга доир барча қўлланмаларда келтирилади. Ингвар Кампрад фарзандларига - компания ва бойлигини, бутун дунё ишбилармонларига эса - жуда фойдали ўгитлар қолдирди.
1-ўгит. Истеъмолчиларни ўз маҳсулоти яратилишида иштирок этишга жалб қилиш
Маълумки, IKEA'нинг деярли барча мебели йиғишни талаб қилади. Компания буни истеъмолчилар учун нархни пасайтириш мақсадида харажатларни тежаш билан изоҳлайди ва бу жуда тўғри: товарни бозордаги ўртача нархдан арзонроққа сотиб, харидорларга изоҳ тақдим этиш керак, акс ҳолда уларнинг миясида "арзонми, демак сифатсиз" деган фикр ўрин олади. Бироқ яна бир муҳим жиҳат бор: инсон бирор буюмни ўз қўллари билан қурса, у автоматик равишда ўзига кўпроқ ёқа бошлайди.
Оила бошлиғи фарзандлари билан бирга шкаф йиғса, бу муҳим оилавий ҳодисага айланади ва компания учун янги харидорларни вояга етказади, йиллар ўтиб шу болалар ҳам компания дўконларига келишади. Одамлар ўз қўли билан йиғилган мебелни дўстлари билан, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилишади, қувонишади, бирор нарсаси ўхшамай қолса, жаҳллари чиқади (буларнинг бари ҳиссий қамровдир) ва тармоқ учун марка билан боғлиқ бўлган кўплаб контентларни яратади. Youtube'да ikea unboxing сўрови бўйича 1,2 миллиондан ортиқ видеороликни топиш мумкин.
2-ўгит. Ҳамма нарсани муҳокама қилаверишсин, ҳатто товарлар номини ҳам

















