1 февралдан президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини pm.gov.uz интернет манзилида тест режимида ишга тушди, унда ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш имкони яратилган.

ЎзА’нинг ёзишича, виртуал қабулхонанинг янги дастурий тизимида фуқароларга қулай бўлган шаклда турли муаммо ва масалалар бўйича малакали юридик ёрдам берилишини таъминловчи «Онлайн маслаҳатчи» модули яратилди. Бу модул «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.

Бунда турли тармоқлар ва фаолият соҳалари бўйича маслаҳатчи сифатида жалб этилган малакали мутахассислар жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериб бориши ва мазкур хизмат шу йил 15 февралдан бошлаб тест режимида ишга туширилиши кўзда тутилган.

«Онлайн маслаҳатчи» хизмати виртуал қабулхона орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини тақдим этмоқда. Эндиликда у ёки бу масала бўйича ҳуқуқий ахборот олиш учун бир неча кун жавоб хати келишини кутиш зарурати қолмайди. Бу ўз навбатида порталда рўйхатга олинаётган, фақат ҳуқуқий маълумот олиш назарда тутилган мурожаатлар сони қисқаришига, давлат органларида бошқа турдаги мурожаатлар билан ишлаш сифати ошишига хизмат қилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий маълумот олишга бўлган эҳтиёжлари тезкор равишда таъминланишига эришилади. “Онлайн маслаҳатчи” модули орқали кўп бериладиган саволлар мунтазам таҳлил қилиниб, шу асосда “Кўп бериладиган саволлар” бўлими тўлдириб борилади.

Шунингдек, «Вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ва уларга мурожаат юбориш» модули жорий қилинди. Бу билан pm.gov.uz манзилида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ягона базада жойлаштирилди. Яъни, давлат органлари раҳбарларининг фуқаролар қабулига доир маълумотлар – қабул кунлари, вақти, тегишли телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, давлат органининг манзили ҳақидаги маълумот бир жойда жамланди.

Айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган масала учун қайси давлат органи масъул экани борасида етарли билимга эга бўлмайди. Шу боис мазкур модулда алоҳида «Функция ва вазифалар» бўлими ташкил этилиб, давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ функция ва вазифалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди.

«Халқ қабулхоналари манзиллари» бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Барча Халқ қабулхоналарининг манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари ва бошқа фойдали материаллар қулай тартибда тақдим этилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлар керакли Халқ қабулхонаси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон интерактив харитаси орқали топиши мумкин. Алоҳида олинган Халқ қабулхонасининг жойлашган манзили онлайн харитада ёки сунъий йўлдошдан суратга олинган харита режимида кўрсатилган.