Фан-техника | 08:49 / 07.02.2018
14717
4 дақиқада ўқилади

Ва ниҳоят: Falcon Heavy ракетаси қизил рангдаги Tesla машинаси билан коинотга учирилди

Фото: Space X

6 февралда Space X компанияси дунёдаги энг оғир ракета-ташувчи Falcon Heavy ракетасининг илк парвозини амалга оширди. Ракета бортига компания раҳбари Илон Маскнинг қизил рангдаги Tesla Roadster машинаси жойлаштирилди.

Парвоз муваффақиятли ўтди, деб тан олинди. Ракетанинг икки ён тезлаштиргичи ва иккита илк поғоналари ажралиб, Ерга қайтарилди. Учинчи поғона юкни Марсга олиб боради.

Ракета Тошкент вақти билан 01:45лар атрофида Флоридадаги Кеннеди номидаги марказ космодромидан учирилди. Бу ердан ўз вақтида Ойга “Аполлон-11” ракетаси жўнатилган.

Ракета ичида Tesla Roadster’дан ташқари, унинг рули олдида ўтирган, скафандрга жойлаштирилган фазогир кўринишидаги манекен бўлган. 

Машинага “Галактика бўйлаб автостоп билан” китоби, “Ваҳима қилма!” ёзуви бўлган табло, сочиқ жойлаштирилган. Бутун парвоз давомида Дэвид Боуининг “Space Oddity” қўшиғи куйлаб туриши режалаштирилган.

Ракета учирилгандан кейин компаниянинг рақобатчилари ҳам, ҳамкорлари ҳам Маскни муваффақиятли парвоз билан табриклай кетишган. Бу парвоз муваффақиятли чиқишига Маскнинг ўзи ҳам охиригича ишонмаганди.

Ракета яратувчилари парвознинг муваффақиятли бўлиши ва авария билан тугашига имкониятлар тенг бўлишидан огоҳлантирган бўлсалар-да, парвоз ҳеч қандай нохушликларсиз, режага қатъий амал қилинган ҳолда ўтган: ракета стартидан 2 дақиқа ўтиб унинг ён тезлаштиргичлари, яна бир дақиқадан кейин эса биринчи поғонасининг марказий блоки ажралган. Парвоз бошлангандан 10 дақиқа ўтиб иккинчи поғона ажралган ва юқори поғона дастлабки орбитага чиққан. Бу поғона Tesla Roadster’ни Ернинг гиперболик орбитасига олиб чиқишда давом этган. Компания ғоясига кўра, ракета Ернинг тортиш майдонини тарк этгач, гелиоцентрик орбитага чиқиб, узоқ коинотда миллиардлаб йиллар қолиши керак.

Ракета парвозидан тахминан бир соатдан кейин компания жонли трансляцияни давом эттирган ва Tesla’нинг коинотда парвоз қилаётганини кўрсата бошлаган. “Мана, машина Ер орбитасида”, деб ёзган Маск твиттерда. Унинг айтишича, ракетанинг юқори поғонаси автомобиль билан бирга Ер магнитосферасида беш соатча қолиб, сўнгра ракета двигателлари учинчи марта ишга тушиб, Марсга парвозни давом эттириши керак. 

Ракета стартидан кейин биринчи поғонанинг барча учта тезлаштиргичи муваффақиятли қўндирилган: иккита ён тезлаштиргич старт яқинидаги майдонларга қўндирилган, марказий тезлаштиргич эса Атлантика океанидаги баржага қўниши керак бўлган, бироқ компания ҳозирча у муваффақиятли қўндирилгани-йўқлигини тасдиқламади. 

Falcon Heavy Ер атрофидаги орбитага 64 тонна, Марсга 16,8 тонна, Плутонга 3,5 тонна юк етказишга мўлжалланган. 

SpaceX маълумотларига кўра, ракетанинг парвози 90 млн долларни ташкил қилади. Бу АҚШ коинот агентлиги НАСА томондан яратилган Space Launch System (SLS) ракетасининг парвозидан анча арзонроқдир. Маълум қилинишича, SLS’нинг ҳар бир парвози 1,5-2,5 млрд доллар туради.

Space X компанияси ракетанинг парвозига учта – Arabsat ва ViaSat телекоммуникация компаниялари учун иккита ва АҚШ қуролли кучлари учун битта парвозга шартнома тузган ва уларни жорий йилда амалга оширади. 

Агар SpaceX ўзининг яроқлигини исботлай олса, унда қимматбаҳо вариант қанчалик керак, деган савол туғилади. Бироқ айтиш жоизки, SLS орбитага 68 тоннадан 131,5 тоннагача юк олиб чиқа олади.

Ҳар қандай вазиятда Falcon Heavy парвозлар нархини камайтириб, орбитага оғирроқ қурилмаларни олиб чиқишга имконият яратиши мумкин. Ракетада яқин орада бошқарилувчи парвозларни амалга ошириш режалаштирилмаган. 

Мавзуга оид