Norma.uz истеъмол саватчаси тушунчаси ва таркиби, уни ишлаб чиқиш зарурати, МДҲнинг қатор мамлакатларида истеъмол саватчасидан фойдаланиш тажрибаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдорлар ҳақида шарҳ тақдим этди.

Истеъмол саватчасининг ўзи нима ва у нима учун керак?

Содда қилиб айтганда, истеъмол саватчаси – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. Ҳамма овқатланиши, кийиниши, коммунал ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаши, зарур дори-дармонларни харид қилиши лозим ва ҳ.к. Буларнинг бари маҳсулотлар саватчасини бутлаш учун асос ҳисобланади. Унинг маълумотларидан, ўз навбатида, тирикчилик учун зарур энг кам миқдорни (истеъмол саватчасининг қиймат баҳосини) белгилаш учун фойдаланилади.

Республикамизда «тирикчилик учун зарур энг кам миқдор» ва «истеъмол саватчаси» тушунчаларини 2018 йилнинг 1 июлигача ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш режалаштирилмоқда. Бу 2018 йилги Давлат дастурида (Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган) мамлакат аҳолиси даромадларининг зарур даражасини аниқлаш учун назарда тутилган. Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул ижрочилар этиб тайинланган.
 
Фикримизча, истеъмол саватчасини ишлаб чиқишда – аҳолининг барча жинс ва ёшдаги гуруҳлари учун озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш нормаларини белгилашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам жалб этилиши керак.     

Истеъмол саватчаси қуйидагиларнинг миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлмоғи лозим:

• энг кам иш ҳақи ва пенсиялар;
• базавий ижтимоий тўловлар: ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар ва б. 

Саватча таркиби: озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар

Истеъмол саватчасига кирувчи товарлар ва хизматлар тўплами ҳар бир мамлакатда турлича. Унинг таркиби давлат даражасида белгиланади ва кўплаб омиллар: табиий-иқлим шароитлари, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш хусусиятлари, товарлар ва хизматларнинг ҳақиқатда истеъмол қилиниши ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади.