Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 5 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда яшаш минимуми ёхуд «истеъмол саватчаси»нинг энг кам миқдори эълон қилинишига оид саволга жавоб берди. Хусусан, журналист Аваз Тоҳиров яшаш минимуми очиқланмаслиги унинг бюджет харажатларига қўшимча юк бўлиши билан изоҳланадими, дея савол берди.

«Бу масаланинг битта сабаби, деб бўлмайди. Бу ҳам сабаблар ичида бўлиши мумкин. Асосий масала — бизда бу (яшаш минимуми – таҳр.) чуқур тадқиқ этилмаган. Таъкидлаш жоизки, у нарсани (яшаш минимуми – таҳр.) ҳисоблашда аҳоли даромадларини ўлчаш мезони мавжуд. Масалан, Ўзбекистонда 13 миллион одам меҳнат қилаётган бўлса, улардан 4,5 миллионга яқини солиқ тўлайди. Қолганларнинг даромади ҳақида расмий ҳисоб йўқ. Ҳар битта оилада қанча даромад бўлишини қаердан биламиз? Чуқур тадқиқот зарур. Истеъмол харажатларини қандай билиш мумкин? Тадқиқот керак.

Ўзбекистон ичида ҳам ҳудудлар кесимида фарқлар мавжуд. Баъзи бир ҳудудлар рацион (овқатланиш нормаси – таҳр.) бошқа ҳудудлардан фарқ қилади. Баъзи бир ҳудудлар одатлари бошқалардан фарқ қилади. Бу нарсалар (яшаш минимумида) акс этиши керакми?», — деган у.

 Обид Ҳакимов 

«Истеъмол саватчаси» – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. «Истеъмол саватчаси» энг кам иш ҳақи ва пенсиялар, базавий ижтимоий тўловлар, ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар каби моддий эҳтиёж миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлиши керак.

Анъанага кўра, «Истеъмол саватчаси» 3 қисм – озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат. Ноозиқ-овқат товарларига кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳоказолар киради. Хизматлар рўйхатидан эса коммунал, транспорт хизматлари, маданий-маърифий жабҳалар ўрин олади.

Одатда «Истеъмол саватчаси» аҳолининг 3та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлиги аниқланади.