Жом нафақат Самарқанд вилояти, балки республикамизнинг энг қадимий, йирик аҳоли масканларидан бири ҳисобланади. Жом ҳақидаги маълумотлар Македониялик Искандар юртимизга бостириб келган чоғлардаги битикларда эсга олинади.

Бугунги кунда Нуробод туманидаги Жом қишлоғи атрофидаги маҳаллаларда 32 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги юртимизда бошланган «Обод қишлоқ» дастури доирасида Жом қишлоғини обод масканга айлантириш ташаббуси билан чиқди.

Вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мазкур ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг ҳолатини ўрганиб, халқ билан мулоқот уюштирди. Қишлоқда мавжуд муаммоларни ўрганди. Шу асосда дастур тузилиб, Жом ва Гирдиқўрғон қишлоқларини обод масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Куни-кеча Жом қишлоғида ушбу лойиҳаларнинг тақдимоти ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Унда вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда барча секторлар раҳбарлари, туман, шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, вилоятдаги бошқарма, идоралар, жамоат ташкилотлари бошлиқлари иштирок этди.

Дастур асосида икки қишлоқда замонавий маҳалла марказлари, истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, иккита мактабгача таълим муассасаси қурилади.

Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинади. Таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонлари таъмирланади. Аҳолини тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ билан таъминлаш, қишлоқда электр таъминотини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилади.

Жумладан, Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинади. Қишлоқ ҳудудидаги 5,4 километр йўлга асфальт ётқизилади, 22 километр ички йўлларга қум-шағал тўкилиб, текисланади. Ҳозирда йўл қурилиши корхоналари томонидан зарур техника воситалари ва ишчи кучи жалб этилиб, бу ишлар бошлаб юборилди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида иккита артезиан қудуғи қазилиб, сув миноралари ўрнатилади. Мавжуд сув тармоқлари таъмирланиб, 500 метр масофага янги қувур ташлаш режалаштирилган. Қишлоқ аҳолисининг тарқоқ жойлашгани ва электр тармоқлари пала-партиш тортилгани туфайли бу борада ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Эски, яроқсиз симёғочлар янгисига алмаштирилади ва янги тармоқлар тортилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1000 га яқин симёғоч ўрнатилиши кўзда тутилган. 15 та замонавий, кичик трансформатор қўйилади.