Жамият | 00:05 / 21.03.2018
61935
4 дақиқада ўқилади

Наманганликлар табиий гази йўқ уйларига қайтишмоқда

Сўнгги пайтларда турли нашрларда табиий газни етказиб беришдаги муаммолар кўп бора муҳокама этилди. Мавзунинг қайта «тирилиши»га сабаб битта: мавжуд муаммо ҳалигача ҳал қилинмаётир. Қолаверса, буни ҳал қилиш йўлида ирода ҳам билдирилмади.

2016 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон 1,841 миллион м3 газ захирасига эга давлат сифатида жаҳон рейтингда 19-поғонада қайд этилган. МДҲ давлатлари ўртасида 4-ўрин, Марказий Осиё минтақасида эса 3-ўринда эътироф этилган Ўзбекистон газ захирасини экспорт қилувчи давлатлари ичида 15-ўринни эгаллайди. Яъни, табиий захиралардан бири саналмиш газни сотиш бўйича Қозоғистонни ортда қолдирганмиз.

Ташқи савдо ва экспорт ҳажмини камайтириш ички аҳволни яхшиланишига улкан таъсир ўтказади, демоқчимасман. Бироқ, бу мақолада эсга олишимиз керак бўлган рақамлар қанчадир маблағни англатади. Бу маблағлар халқни узлуксиз табиий газ билан режали дастур асосида таъминлашга қаратилиши лозим. Таҳририятимизга етиб келган мурожаатда айтилишича, ана шундай газ йўқлигидан азият чеккан аҳоли вакиллари журналист билан жонли мулоқот қилишни исташини билдирган.

Биз дарҳол Наманган шаҳрига йўл олдик: ишбилармонлар, тикувчи ва чеварлар юрти. Гулларга бурканган диёр фасллар келинчагида ўзгача қиёфа акс этган ҳолда Наврўзни қарши олишга тайёр турибди. Маҳаллада ҳашарлар ташкил этилган, аммо бу ҳашар баҳор шарофати билан эмас, балки қишда одам оёғини босмаган уйларни тозалаш ишлари натижаси бўлиб чиқди.

«Қиш давомида қирққа яқин уйда зоғ яшамайди. Намунали лойиҳа асосида қурилган уйларда узлуксиз табиий газ бўлиши лозим ва амалда шундай эди. Хонадон эгалари кўчиб кириши билан «босим паст, етказиб беришда муаммо» деб турли важлар билан қувурлар кесиб ташланди», дейди маҳалла фуқароларидан бири.

Таъкидлаш жоизки, бу биргина Наманган шаҳрида эмас, республиканинг дуч келган туманида истиқомат қилувчи аҳолининг дарди: ҳар хил баҳоналар билан газ қувурлари кесиб ташланган.

«Турмушимиз ҳавас қилгудек эмас, алюмин ромларни бузиб иситкич ўрнатганмиз. Хонани тутунга тўлдириб, ўтин ёқамиз. Эрталаб туриб, чой қайнатиш, овқат пишириш каби оддий юмушлар эҳтимоллар назарияси каби мураккаб вазифага айланади», дейди ўқитувчи аёл.

Мантиқан ўйлаб кўрилса, табиий газдаги оддий узилиш инсон ҳаётини қанчалик ўзгартириб юбориш мумкин-а?! Бу ўринда ҳеч қандай сиқилган газ узлуксиз таъминот ўрнини боса олмаслигини ҳам қистириб ўтайлик: қишлоқ жойда иссиқ сув бўлмаса, уйни иситиш тизими бўлмаса, яна қандай сиқилган газ ҳақида гап кетиши мумкин?

Бундан аввал ҳам Kun.uz Хоразм вилояти Хива тумани Арвик МФЙ бўлиб, асоссиз равишда аҳолини газ таъминотидан узиб қўйган мутасаддилар ҳақида мақола эълон қилганди. Бу гал шу «​тажриба»​нинг бошқа вилоятларга кенг ёйилганига гувоҳ бўляпмиз, холос.

Мавзуга оид