Давлат рақобат қўмитаси акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва уларнинг самарадорлиги, шунингдек фонд бозорини ривожлантириш масалалари бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқди. Лойиҳалар ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда. Ундан кейин эса 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар келтириб ўтилган, деб ёзмоқда Norma.

Ривожланишга тўсқинлик қилаётган омиллар бартараф этилади

Устав фондининг энг кам миқдорини ҳозирги 1 600 млн сўмдан 100 млн сўмгача, яъни 16 баравар камайтириш таклиф этилмоқда. Бунда хорижий инвесторнинг АЖ устав капиталидаги, бугунги кунда камида 15%ни ташкил этиши керак бўлган мажбурий улуши тўғрисидаги талабни бекор қилмоқчилар.

Йирик акциядорлар – АЖдаги 25%дан ортиқ улуш эгаларига дивидендлар фақат миноритар акциядорлар олдида дивидендлар бўйича қарздорлик бўлмаганда тўланади, дивидендлар тўлаш учун банк реквизитлари бўлмаганлар бундан мустасно (1 майдан бошлаб).

Қуйидагиларни ҳам бекор қилиш таклиф этилмоқда:

АЖдаги давлат улушларини бошқариш бўйича давлат ишончли вакилларини тайинлаш амалиётини. Уларнинг вазифаларини давлат улуши бўйича белгиланган тартибда тайинланадиган кузатув кенгашлари аъзоларига топшириш таклиф этилмоқда;

қимматли қоғозлар чиқарилганини тан олиш учун ташкил этилган савдоларда жойлаштириладиган акциялар ва бошқа эмиссиявий қимматли қоғозларнинг энг кам ҳажмига доир талабларни;

устав капиталида давлат акциялари (улушлари) пакети 50%дан ортиқ бўлган корхоналарда ташқи аудит ўтказиш учун ҳар йили аудиторлик ташкилотлари рўйхатини тузишга доир талабларни.

1 июлдан жорий этиладиган янгиликлар

1) Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказишга аризани кўриб чиқиш муддатини 30 кундан 20 кунга қисқартириш таклиф этилмоқда.

2) АЖлар номинал қийматга эга ёки унга эга бўлмаган акцияларни чиқара оладилар. Фойдани қайта инвестиция қилиш (капиталлаштириш) ва қўшимча капитал ҳисобига акциядорлар ўртасида мутаносиб равишда жойлаштириладиган қўшимча акцияларни чиқариш воситасида устав капитали кўпайтирилади.   
 
3) Давлат акциялари пакетлари майда лотлар орқали сотилади, шу жумладан битта лот – битта акция, мамлакатимиз Ҳукумати томонидан белгиланган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.