Ўзбекистон | 18:30 / 30.03.2018
35029
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго» нима сабабдан электр энергияси нархи оширилаётганини изоҳлади 

Фото: UzReport

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан коммунал хизматлар, хусусан, электр энергияси тарифлари ҳам ошмоқда. Бу эса фуқаролар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этиляпти. “Халқ сўзи” мухбири кўпчиликни қизиқтираётган масала, яъни энергия нархининг кўтарилиши сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти Иқтисодиёт ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи Абдиҳамид Жўраевга мурожаат қилди. 

Унинг сўзларига кўра, республикада ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 90 фоизидан ортиғи иссиқлик электр станциялари улушига тўғри келади. Ушбу субъектларда электр токи ҳосил қилиш учун катта миқдорда газ, мазут, кўмир ва бошқа турдаги ёқилғи маҳсулотлари сарфланади. Ушбу ёқилғи маҳсулотлари нархининг ўзгариши, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси тарифига ҳам таъсир кўрсатади.
 
Шунингдек, у таърифларни гуруҳлаш ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Шу даврга қадар амал қилиб келган электр энергияси тариф гуруҳлари 10 тани ташкил этиб, улардан амалиётда фойдаланишда қийинчиликка дуч келинаётган эди. Бугунги кунда мураккаб тузилган гуруҳлашдан воз кечилиб, соддалаштирилган тартибга ўтилаётир. Натижада 2018 йилдан эътиборан электр энергияси тариф гуруҳлари сони 4 тага қисқартирилди”, - дейди А.Жўраев. 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил июль ойидан бошлаб шу кунгача аҳолига етказиб берилаётган 1 кВт.с электр энергияси 204,3 сўм эди. Ушбу нарх шу йил 1 апрелдан 228,6 сўм этиб белгиланди. Электр плиталари билан жиҳозланган турар-жойларда яшовчи аҳоли учун эса электр энергияси нархи 1 кВт.с учун 102,15 сўмдан 114,3 сўмга ошади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид