Ўзбекистон компаниялари Афғонистонда электр тармоқлари ва подстанцияларни қуриш ҳамда модернизация қилиш лойиҳаларида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Хўжаев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Вазирнинг таъкидлашича, лойиҳалар Афғонистон томони ташаббуси билан амалга ошириляпти. Бунда янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш кўзда тутилган.
«Бизда мавсумий электр энергияси ортиқчалиги юзага келади. Яъни, қуёш ва шамол электр станцияларимиз юқори қувват билан ишлаётган пайтда ҳосил бўлган қўшимча қувватларни экспорт қилиш ҳисобига каттароқ иқтисодий самара олишимиз мумкин. Яна бир жиҳати, Сурхондарё жуда ҳам қуёшга бой ўлка. У ерда ишлаб турган қуёш станцияларимизнинг қуввати тўлиқ талабни қондиришга етади. Аммо яна қўшимча 2-3 та электр станция қуришни режалаштирганмиз. Бу ерда яна бир нарсани айтиб ўтишимиз керакки, Афғонистонга электр энергияси экспорт қилиш ички талаб тўлиқ қондирилгандан кейин амалга оширилади», деди Шерзод Хўжаев.
Тақдимотда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги энергетика ҳамкорлигини кенгайтириш учун муҳим бўлган «Сурхон — Пули-Хумри» юқори кучланишли электр тармоғи қурилишини жадаллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Маълумот учун, 2025 йилда Афғонистон ва Ўзбекистон электр энергиясини узатиш ва подстансиялар қуриш бўйича тўртта шартнома имзолаганди. Бунда қуйидагилар назарда тутилган:
«Сурхон–Пули-Хумри» электр узатиш тармоғини 200,6 км масофада қуриш ва Хўжа-Алвон подстанциясини кенгайтириш;
«Арғанда» подстанциясини 500/220 kW’гача кенгайтириш ва қувватини 800 МВА’гача ошириш;
«Бутхак» (Қобул) подстанциясидан “Шайх Мисри” (Нангархар) подстанциясигача 125 км узунликдаги 220 kWли янги икки занжирли электр узатиш тармоғини қуриш;
“Шайх Мисри” (Нангархар) 220 кВли подстанциясини қуриш.
Афғонистонга электр экспорти
2025 йилнинг ноябр ойида Тошкентда Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 2026 йилда ҳам давом эттириш бўйича битим тузилганди. Расмий Кобул электрга бўлган ички эҳтиёжнинг ярмидан кўпроқ қисмини Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан импорт ҳисобига қоплайди. Бунинг учун тўловлар масаласида кейинги йилларда вазият яхшиланган. Собиқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Афғонистон етказиб берилган электр энергияси учун Ўзбекистон олдидаги тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажаряпти. Олдинги ҳукуматнинг қарзларини ҳам ҳозирги ҳукумат тўлиқ тўлаган. Пули-Хумри электр узатиш линиясини қуриш якунлангач, электроэнергия экспорти бир неча каррага ошиши ҳам мумкин экан.











