Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.

Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди. 

Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди. 

Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган «ўзбек иши», «пахта иши» каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради. 

Атоқли адиб ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунасидир. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда. Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» доимий экспозицияси фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзининг ноёб истеъдоди ва жўшқин ижтимоий фаолияти билан халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни, адабий-маданий алоқаларимизни ривожлантириш ишига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 90 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакилларининг буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.